Россия Украина тепасига қўғирчоқ президент қўйиш режаси борлигини рад этди

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров (чапда) ва Буюк Британия ташқи ишлар вазири Элизабет Трасс.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Британиянинг Москва Украинага россияпараст етакчини қўйишга интилаётгани ҳақидаги даъвосини рад этди.

Британия Ташқи ишлар вазирлиги 22 январь куни Россия ҳукумати Украина парламентининг собиқ депутати Евгений Мураевни потенциал номзод сифатида кўриб чиқаётгани ҳақида маълумотга эгалигини айтиб, бу “Украинага бостириб кириш” режасининг бир қисми деган баёнот билан чиқди.

Вазирлик мазкур даъвони тасдиқловчи далиллар келтирмаган.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги 23 январь куни Британиянинг бу даъволарини “дезинформация” деб атаб, НАТО аъзоларининг “Украина атрофида кескинликни кучайтираётганига” яна бир мисол ўлароқ баҳолади.

Мавзуга алоқадор “Украинага кетишяпти”. Россия ҳарбийларининг яқинлари қўшинлар ҳаракати ҳақида

“Биз Буюк Британия ТИВни провокацияни тўхтатишга чақирамиз”, дейилади Россия ТИВ “Facebook”даги баёнотида.

“Бугун эълон қилинган маълумотлар Россиянинг Украина ҳукуматини ағдаришга қаратилган ҳаракатлари кўламини ёритиб беради ва Кремлнинг ниятини намоён қилади”, деди Буюк Британия ташқи ишлар вазири Лиз Трасс разведка маълумотларига таяниб берган баёнотида.

“Буюк Британия ва ҳамкорларимиз бот-бот таъкидлаганидек, Россия Украинага қарши ҳар қандай ҳарбий ҳаракати катта товон тўлашга олиб келадиган стратегик хато бўлади”, дея қўшимча қилди у.

Буюк Британия бош вазири ўринбосари Доминик Рааб ҳам 23 январь куни “Sky News” телеканалига берган интервьюсида “Россиянинг Украинани босиб олишга, шунингдек, қўғирчоқ ҳукумат ўрнатишга бўлган ҳаракатлари жиддий оқибатларга олиб келади”, дея огоҳлантирди.

Британия баёнотида келтирилишича, Россия разведкасининг Украина собиқ президенти Виктор Янукович даврида хизмат қилган “кўп сонли” собиқ украиналик сиёсатчилар билан алоқаси бор.

Кремлпараст Янукович 2014 йилда оммавий норозиликлардан сўнг ҳокимиятдан ағдарилган ва бошқарувни Ғарбга мойил ҳукумат қўлга олган эди.

Россия разведкаси билан алоқаси борлиги айтилганлар орасида 2012-2014 йилларда бош вазирнинг биринчи ўринбосари, 2014 йилда эса бош вазир вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаган Сергей Арбузов; 2010-2012 йилларда бош вазирнинг биринчи ўринбосари ва Янукович аппарати раҳбари бўлган Андрей Клуев; Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши (RNBО) раҳбарининг собиқ ўринбосари Владимир Сивкович ва 2010-2014 йилларда Украина бош вазири бўлган Николай Азаров номлари қайд этилган.

АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Эмили Хорннинг баёнотида айтилишича, АҚШ Москванинг Украинага россияпараст президент қўйиш ниятида экани ҳақидаги даъвони “чуқур ташвишли” деб ҳисоблайди.

“Бундай фитна жиддий ташвиш уйғотади. Украина халқи ўз келажагини ўзи белгилаш ҳуқуқига эга. Биз Украинадаги демократик йўл билан сайланган ҳамкорларимиз билан биргамиз”, деди Хорн.

Айрим таҳлилчилар Британиянинг даъволарини шубҳа остига қўйиб, Мураевнинг ўзи Россия санкциялари остида қолган маргинал шахс эканлигини таъкидлади. У Кремлнинг Украинадаги энг кўзга кўринган иттифоқчиси, ўтган йили давлатга хиёнат айблови бўйича уй қамоғига олинган Виктор Медведчук билан ҳам яқин эмас.

Мураев “Facebook”да Британиянинг даъволарини рад этди.

“Украинадаги ғарбпараст ва россияпараст сиёсатчиларнинг даври ўтди”, деб ёзди у 24 январь куни.

“Украина тақдирига бефарқ бўлмаган барчага мурожаат қиламан: бизни россияпарастлар ва ғарбпарастлар деб ажратишни бас қилинглар, бизни бир-биримизга қарши қўйишни бас қилинглар ва биз ўзимиз мамлакатимизда тинчлик ўрнатамиз” , дея пост қолдирган Мураев.

Россиянинг хавфсизлик сиёсати бўйича эксперт Марк Галеотти Британиянинг даъволарига шубҳа билан қарашини айтган.

“Биз сўнгги йилларда разведка маълумотлари асосида олға сурилган жуда кўп даъволарнинг йўқ бўлиб кетгани ёки инкор этилганини кўрдик. Россия ҳам худди бошқалар каби, бир нечта вариантларни режалаштиради. Нима бўлишини олдиндан айтиш қийин” деб твит қолдирган у.

“Россиянинг турли разведка идоралари ва куч марказларида “ҳар қандай рақиб учун спекулятив схемалар” мавжуд, аммо "бу Кремль босқин уюштириш ва қўғирчоқ ҳукумат ўрнатишни режалаштираётганидан далолат бермайди”.

Россиянинг Украина чегаралари яқинида 100 000 дан ортиқ қўшин тўплагани Ғарбда Украинага қарши навбатдаги ҳарбий босқинга тайёргарлик ўлароқ баҳоланиб, жиддий хавотирлантириб келмоқда.

Украина шарқида давом этаётган урушда айирмачиларни қўллаб келаётган Россия эҳтимолий босқин ҳақидаги даъволарни рад этган.

Британия ТИВ баёноти самарасиз ўтган АҚШ ва Россия дипломатларининг олий даражадаги музокарларидан бир кун ўтиб эълон қилинди. Украина бўйича ўтган музкоралар муваффақиятсиз кечган бўлса ҳам, томонлар мулоқотни давом эттиришга келишиб олишган.

Аввалроқ Женева, Брюссел ва Венадаги кетма-кет музокаралар ҳам ҳеч қандай натижа бермаган эди.

Айни пайтда, Европа ва Россия ОАВлари Трасс февраль ойида Москвага ташриф буюриб, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан Россия-Украина чегарасидаги инқирозни муҳокама қилиши ҳақида бонг урмоқда.

Трасснинг ташрифи Британия ташқи ишлар вазирининг 2017 йил декабридан бери Москвага амалга оширган илк давлат ташрифи бўлади.

22 январь куни АFP ахборот агентлиги “Буюк Британия мудофаа соҳасидаги юқори лавозимли манба”дан иқтибос келтирган ҳолда, Буюк Британия мудофаа вазири Бен Уоллес Россия мудофаа вазири Сергей Шойгуни Украинадаги кескинлик юзасидан музокаралар ўтказишга таклиф қилганини хабар қилди.