Беларусда 10 февраль куни Россия билан биргаликда “Иттифоқ қатъияти-2022” ҳарбий машқлари бошланди.
Ўн кунлик манёврлар давомида икки мамлакат қуролли кучлари Ғарб мамлакатлари ва Украинанинг Беларусь ва Россияга қарши назарий агрессиясини қайтариш, шунингдек терроризмга қарши кураш ва Иттифоқ давлати манфаатларини ҳимоя қилишга доир вазифаларни бажаради, дейилган Россия Мудофаа вазирлиги хабарномасида.
Машқлар ўтказиш қарори Россия президенти Владимир Путин ва Беларуснинг авторитар раҳбари Александр Лукашенко томонидан декабрь ойида маъқулланган эди.
Машқларда иштирок этаётган ҳарбийлар ва техника сони очиқланмаган. Аммо Россия Беларусга С-400 зенит-ракета мажмуалари дивизионларини, “Панцирь-С” зенит ракета-тўп дивизионини, шунингдек Су-35С ва Су-25СМ қирувчи ва ҳужумчи учоқларини йўллагани маълум.
Беларусга машқлар баҳонасида Россиянинг катта миқдордаги аскарлари ва ҳарбий техникаси ташланиши Ғарб мамлакатлари ва Украинада хавотир уйғотган.
Россия қўшинлари Беларусь-Украина чегараси яқинида тўпланган. Ғарб Россиянинг Украинага бостириб кириш учун мазкур ҳудудларда куч йиғаётган бўлиши мумкинлигидан ташвишланмоқда. Сўнгги тахминларга кўра, ҳозирда Россия Украина чегаралари бўйлаб 120 минг нафарга яқин аскарни жойлаштирган. Беларус чегарасидан Киевгача масофа Россия чегарасидан Киевгача масофага нисбатан анча қисқа.
Ғарб расмий Москвани ўз қўшинларини Украина чегараларидан узоқроққа олиб кетишга чақириб, аввалда мисли кўрилмаган санкциялар билан таҳдид қилмоқда.
Россия эса Украинага бостириб киришни режаламаганини иддао қилиб, Ғарб мамлакатларини Украинани қуролантиришда ва Россия чегаралари атрофида манёврлар ўтказишда айблаб келади.