Рус православ черкови епископи Диодор (Исаев) руҳоний Георгий Сухобокийни Ульянов вилоятидаги Мелекес епархияси матбаа бўлими бошлиғи ва матбуот котиби лавозимларидан бўшатди. Бу воқеа Сухобокий ижтимоий тармоқларда россиялик мухолифатчи Навальнийнинг қўлини сиқишга тайёрлиги ҳақида ёзгани ортидан юз берган.
Руҳоний Навальнийнинг Сахаров номидаги мукофот билан тақдирлангани ҳақидаги янгиликни бўлишган ва “Илгари уни танқид қилардим, аммо бугун унинг қўлини сиқиб қўйишга тайёрман”, деган ёзувни илова қилган. Черков раҳбарияти эътироз билдириши учун шунинг ўзи кифоя қилди, таъкидлайди Сухобокий.
Тармоқдаги хабаридан сўнг Сухобокийга епископ Диодор қўнғироқ қилиб, “яна бутун Россияга фитна уруғини сочиш”да, “органлар эътиборини тортиш”да айблаган. “Навальний, повальний, Украина, буларнинг сенга нима кераги бор эди? Мана энди, сен билан қизиқиб қолишди, хурсанд бўлишинг мумкин!” деган епископ “бунақа матбуот котиби унга ортиқ керак эмас”лигини айтган.
Аммо “Идель.Реалии” (Озодлик рус хизматининг минтақавий лойиҳаси) таҳририяти сўровига жавобан, епископ Диодор руҳонийнинг истеъфоси унинг Навальний ҳақидаги постига алоқадор эмаслигини иддао қилган. Унинг айтишича, бу Георгий Сухобокийнинг ишдаги камчиликлари билан боғлиқ.
33 ёшли Сухобокий епархияда 2017 йилдан бери хизмат қилади. Ундан олдин эса у Қозоғистондаги Остона ва Олмаота епархияларида матбуот котиби бўлиб ишлаган.
Ўз истеъфосига изоҳ бераркан, руҳоний “афсуски, Рус православ черковида сўз эркинлиги йўқ”, деган.