Россиядаги “Қийноқларга қарши қўмита” мурожаат қилган бир неча шахс Москва шаҳар суди биносида судланувчиларни қийноққа солиш хонаси мавжудлигини билдирган. Қўмитага тақдим этилган фотосуратда ўзбекистонлик Комрон Усмоновнинг кишанланган икки қўли девордаги халқага осиб қўйилгани тасвирга туширилган. Мосгорсуд ва полиция бу фотони “саҳналаштирилгани”ни иддао қилмоқда, айни пайтда Мосгорсуд расмийси соқчилар хонасида ҳалқалар мавжудлигини тан олди.
Москвадаги Жамоатчилик назорат комиссияси (ОНК) вакили, “Қийноқларга қарши қўмита” юристи Дмитрий Пискунов WhatsApp тармоғи орқали девордаги ҳалқага икки қўли кишанланган йигит тасвирини олганини жамоатчиликка маълум қилди.
Исмини сир қолдирган хабар муаллифи сурат Москва шаҳар судидаги соқчилар хонасида олингани, унда Ўзбекистон ватандоши Комрон Усмонов тасвирланганини ёзган.
Хабарда 20 яшар Усмонов кишанланган ҳолатда кунига бир неча соатдан ўтиришга мажбур экани, конвой хизмати ходимлари уни бу хонада калтаклаётгани айтилади.
Дмитрий Пискунов Усмонов билан “Матросская тишина” тергов изоляторида суҳбатлашганини Озодликка гапирди.
Адвокат ўзбекистонлик 20 ёшли маҳбус олдин ҳам полиция ходимлари устидан судга арз қилгани, аммо судядан “Прокуратурага арз қилинг!” жавобини олгач, залнинг ўзида қўл томирларини лезвие билан кесганини аниқлаган.
- Шу кундан бошлаб Комрон 8-9 соат давомида деворга кишанлаб қўйилган, деди Комроннинг сўзларига таяниб Дмитрий Пискунов.
Мосгорсуд айбловларни рад этди
Мосгорсуд ҳуқуқ ҳимоячиларининг бу айбловларини дарҳол рад этишга шошилди.
“Ўзбекистонлик Комрон Усмоновнинг Москва шаҳар судидаги хоналардан бирида кишанланган ҳолатда тушган фотосурати “постановка” ва ҳақиқатдан йироқ; фотосуратда тасвирланган хона Москва шаҳар судида мавжуд эмас”.
Шунга қарамасдан, Мосгорсуд расмийси Ульяна Солопова соқчилар хонасида ҳалқалар мавжудлигини тан олди.
Москва полицияси ҳам бу фотога изоҳ бериб, унда “ОАВда келтирилган маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслиги” ва “конвой хонасида видеокамералар бор”лиги ҳақида расмий жавоб қайтарди.
Осонлаштирилган “фаластинча осиш ” усули
Дмитрий Пискунов Озодликка ўзбек муҳожири тушган фотосурат сохта эмаслигига асослари борлигини билдирди.
- Комрон тахминан 1 йилдан буён “Матросская тишина” тергов изоляторида қолмоқда. Бу фотосуратни сохталаштириш учун Комрон қамоққа тушмасдан Мосгорсуд биносида суратга олган бўлиши лозим. Мен суҳбатлашган кўплаб маҳбуслар бундай ҳалқалар Мосгорсуд конвой хонасида борлигини тасдиқлаб берди, деди Дмитрий Пискунов.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Адвокатнинг фикрича, бу шаклда наручник тақиш мутахассислар томонидан “фаластинча осиш” деб аталади ва энг оғир қийноқлар турига киради.
Маҳбусларнинг берган гувоҳлигига кўра, назоратчилар бу ҳалқалар ёрдамида маҳбусларни “тинчлантириш” ва “адабини бериб қўйиш”да фойдаланиб келади.
Март охирларида ўзбекистонлик Комрон Усмоновга Мосгорсуд томонидан 8 та талончилик ҳолати учун 16 йиллик қамоқ жазоси тайинланган.
Юрист Пискунов билан шахсий учрашув чоғида ўзбекистонлик муҳожир бу фотосурат 17 март куни унга раҳми келган конвойчилар томонидан Москва шаҳар судининг 144-хонасида олинганини айтган.
- Конвойчилардан бири бу ҳолатдан аччиқланиб, болага раҳми келган, кўринади. Биз “қийноқ хонаси” масаласи юзасидан Мосгорсуд биносига киришга рухсат беришларини сўраб, сўровнома юборамиз, деди юрист Пискунов.
Озодлик Россиянинг муҳожирларга қийноқлар қўлланилаётгани, улар оғир жисмоний тазйиқларга учраётгани ҳолатлари борасида олдин ҳам хабар берган.