"СтопҲаром" лойиҳаси Россия муфтияти танқидига учради

Ислом Исмоилов - “СтопҲаром” акцияси ташаббускори/

Москва кўчаларида ароқ ичаётган ва тамаки чекаётган мусулмонларга қарши “СтопҲаром” акцияси ўтказилмоқда. Жамоатчилик эътиборини ўзига қаратган ва қизғин баҳс-муноазаларга сабаб бўлган Россия пойтахтидаги мусулмон фаолларининг бу тадбири мамлакат Муфтийлар кенгаши ва мусулмонларнинг бошқа тузилмалари раҳбарлари танқидига учради.

Россия оммавий ахборот воситалари эса унга “шариат патрули” номини берди.

"СтопҲаром" - ичувчилик ва чекувчиликка қарши

Йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузувчи ҳайдовчиларга қарши курашувчи “СтопХам” ҳаракати фаоли Ислом Исмоилов ўзининг ташаббусини “СтопҲаром”, деб номлади.

Ўзининг YouTube саҳифасида тадбир “мусулмонлар кўчаларда спиртли ичимлик ичмасликлари ва тамаки чекмасликлари” устидан назорат қилишига қаратилганини билдирди.

- Ассалому алайкум! Менинг исмим Ислом. Мен ҳозир Уч вокзал майдонидаман. Ҳар куни юз минглаб одамлар бу ердан ўтатуриб, ўзларини диндошларимиз деб атаётган одамлар маънавий-аҳлоқий нормаларни бузиб, алкогол истеъмол қилмоқда, одамларга ҳалал бераётир, кўп ҳолларда қўрқитаётир. Биз бу ерга келишимиздан мақсад, уларни бундай йўлдан қайтариш ва Оллоҳ Субҳона ва Таоло динига чақириш, умуминсоний аҳлоқ қоидаларига чорлашдир, дейди Ислом Исмоилов.

Сўнгра фаол ўзининг видеооператори билан Москва кўчаларида ароқ ёки пиво ичаётган ва кўринишидан осиёлик бўлган одамлар ёнига келиб, уларни ароқ ичмасликка даъват қилади. Исмоил тўхтатган ароқ шишаси кўтариб кетаётган шахслардан бири ўзбекистонлик меҳнат муҳожири бўлиб чиқади. “Мен 3 йилдан буён уйдагиларимни кўрганим йўқ!”, деб ароқ ичишини тушунтиришга уриниб кўради ўзбек мигранти.

Бу рейд акс этган “Стоп Ҳаром” ролиги бир неча юз минглаб маротаба кўрилди, деярли барча ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Тадбирнинг кенг муҳокамасига Россия муфтийлар кенгаши ҳам қўшилди ва танқид остига олди.

Стоп Ҳаром”га ўхшаш лойиҳалар бу кўринишда бизнинг кўп миллатли ва кўп конфессияли Россия жамиятимизда миллатлараро ва динлараро нифоқни келтириб чиқаришга қобил. Россия муфтийлар кенгаши кишиларни зўравонликка туртиши мумкин ҳар қандай ташаббусни қоралайди”, дейилади Россия муфтияти томонидан тарқатилган баёнотда.

Айни пайтда, бу тадбир қатор рус сиёсатчилар, жамоатчилик арбоблари танқидига ҳам учради.

Маҳаллийларнинг эътиборини эпизодлардан бирида Ислом Исмоилов кўчада спиртли ичимлик ичаётган ўзбек муҳожирларидан ташқари сигарет чекиб кетаётган рус миллатига мансуб аёлга ҳам танбеҳ бериб ўтгани тортди.

Ижтимоий тармоқ ва Интернет саҳифаларида тарқалган видеоролик турли баҳс-мунозараларни ҳам келтириб чиқарди. Хусусан, “СтопҲаром” ташаббусини қўллаб-қувватловчилар нафақат мусулмонлар, балки маҳаллийлар орасида ҳам чиқмоқда.

ПАТРУЛЛАР АЛБАТТА КЕРАК! Диний бўлмаса ҳам, аммо полиция етишмаса на илож? Москва кўчаларида, бекат ва метрога киришда чекувчилар қандай турган бўлса, ҳозир ҳам турибди. Автобус ва метрода одамлар пиво ичиб юришибди. Маданият мажбуран сингдирилиши лозим!”, деб ёзади шарҳловчилардан бири.

Бироқ, деярли барча Россия оммавий ахборот воситаларида бу ташаббус салбий нуқтаи назардан ёритилди. Шунга яраша, аксар россияликлар мусулмон ёшлар ҳаракатини ўз ҳуқуқ ва эркинликларининг топталиши ўлароқ баҳолади.

Ўзига кўп овормаяптими? Ким чекиши ёки ичиши билан унинг нима иши бор. Бу қарорга одамнинг ўзи келиши керак – бу унинг ҳаёти. Одам умуман худосиз бўлсачи, руҳан азобланаётган бўлсачи? Ибодатхонасига бориб ваъзини ўқийверсин!”, деб ёзади Иван Сид исмли бошқа фойдаланувчи.

Россиядаги “Мусулмонлар ҳуқуқлари учун” жамоатчилик ташкилоти етакчиси Али Чаринский Озодлик билан суҳбатда “СтопҲаром” тадбирини “ноўрин усул билан амалга оширилган яхши ният”, деб атади.

- Бу йигитлар ташаббуси асосида “ҳар бир мусулмон танбеҳ берилиши керак бўлган нарсага танбеҳ берилиш лозим” қоидаси ётади. Ҳаром ишни қилаётган мусулмонни ҳар биримиз тўхтатишимиз кераклиги ҳадисларда ҳам битилган. Аммо Исломда буни қандай қилиш ҳам алоҳида тушунтирилган: ҳаракат иллатни кучайтиришга эмас, йўқотишга қаратилиши керак ҳамда мулоқотга тортилган одам жамоатчилик олдида шарманда қилинишига йўл қўймаслик керак. Шундай қилиб, у ерда камерага олиш ортиқча эди, деяпти кўпчилик, деди Али Чаринский.

Ҳуқуқ фаоли ўзи ҳам ташкилоти фаоллари билан бирга кўп маротаба кўчаларда ичиб юрган ёки ўзини ножўя тутаётган мусулмон йигитларга гапиргани ва улар билан тушунтириш ишларини олиб борганини эслади.

“Мусулмон йигитнинг оддий яхшиликка қаратилган ташаббуси Россия оммавий ахборот воситаларида ёмонга чиқарилди, унга салбий сиёсий тус берилди”, дея давом этади Али Чаринский.

- Шу сабабли айрим ОАВ, айниқса исломофоб-журналистлар унга жуда ёмон тус бериб, уни ҳатто “шариат патрули” номини беришди. Маҳаллий телевидение ва нашриётлар юқоридан тушган буйруқ асосида яхши ишни қоралаб чиқишди. Боз устига, Москва муфтияти раҳбари Албер Крганов каби одамларнинг бу кампанияга қўшилиши кутилган ҳол бўлди. Яна бир бор айтаманки, кўчада ароқ ичиб ўтирган мусулмон олдига келиб “Ичма!” дейиш муаммони бартараф этмайди. Бу масала инсонни тарбиялаш, глобалроқ аҳлоқий-маънавий таълим-тарбия билан боғлиқ, деб ўйлайман, деди Али Чаринский.

Айни пайтда, “СтопҲаром” ҳаракати асосчиси ва ягона иштирокчиси Ислом Исмоилов бошқа рейдлар давомида олинган видеотасвирларни эълон қилмоқчи.