Россия Ташқи ишлар вазирлиги Россия ва АҚШ ўртасидаги келишувлар лойиҳаларини ҳамда НАТО билан хавфсизлик кафолатлари бўйича келишув лойиҳасини эълон қилди.
ТИВ сайтида айтилишича, ҳужжатлар АҚШ Давлат котиби ўринбосари Карен Донфридга топширилган.
Лойиҳадаги мажбуриятларнинг аксарияти Қўшма Штатлар ва НАТОга аъзо мамлакатларга тегишли бўлиб, унда Россиянинг бир томонлама мажбуриятлари айтилмаган.
Шартнома лойиҳасида айтилишича, Россия ва НАТО бир-бирини душман деб ҳисобламайди.
Шартнома лойиҳасида шундай бандлар бор:
- НАТОнинг кейинги кенгайишини, шу жумладан Украина ва бошқа давлатларнинг қўшилишини истисно қилиш мажбуриятини олади.
- НАТО Украина ҳудудида, шунингдек, Шарқий Европа, Кавказ ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари ҳудудида ҳар қандай ҳарбий фаолият олиб боришдан бош тортади.
- Россия ва НАТО 1997 йил 27 май ҳолатига кўра ушбу ҳудудда жойлашган кучларга қўшимча равишда бошқа барча Европа давлатлари ҳудудида ўз қуролли кучлари ва қуролларини жойлаштирмайди.
- Иштирокчилар қуруқликдаги ўрта ва қисқа масофали ракеталарни улар бошқа иштирокчилар ҳудудидаги нишонларни уришга қодир бўлган ҳудудларда жойлаштиришни истисно қиладилар.
- Томонлар бошқа давлатлар ҳудудидан бошқа томонга қуролли ҳужумга тайёргарлик кўриш ёки амалга ошириш мақсадида фойдаланмайди.
- Қўшма Штатлар НАТОнинг шарқий йўналишда янада кенгайишини истисно қилиш ва СССР таркибига кирган давлатларни Иттифоққа қабул қилишдан бош тортиш мажбуриятини олади.
- Қўшма Штатлар илгари СССР таркибида бўлган ва НАТОга аъзо бўлмаган давлатлар ҳудудида ҳарбий базалар яратмайди, уларнинг инфратузилмасидан ҳар қандай ҳарбий фаолият учун фойдаланмайди ва улар билан икки томонлама ҳарбий ҳамкорликни ривожлантирмайди.
Оқ уй матбуот котиби Жен Псакининг таъкидлашича, Қўшма Штатлар Россиянинг хавфсизлик бўйича музокараларни бошлаш бўйича таклифлари билан танишган ва уларни Европадаги иттифоқчилари ва ҳамкорлари билан муҳокама қилмоқда.
Унинг сўзларига кўра, “Агар Европадаги иттифоқчиларимиз ва ҳамкорларимиз музокараларда иштирок этмаса, Европа хавфсизлиги бўйича музокаралар бўлмайди”.
“Биз Европа хавфсизлиги асосига қурилган асосий тамоиллар, жумладан, барча мамлакатлар ўз келажагини ва ташқи сиёсатини ташқи аралашувисиз ўзи белгилаш ҳуқуқига эга бўлиши тўғрисидаги қоидани гаровга қўймаймиз”, дея қўшимча қилди у.