АҚШ президенти Жо Байден Қўшма Штатлар яқинда Шарқий Европа ва
НАТО мамлакатларига оз сонли қўшин юборишини айтди.
Жаноб Байден бу қарорини Россия Украина чегараси яқинига қўшин тортаётган бир пайтда эълон қилди.
"Яқин келажакда АҚШ қўшинларини Шарқий Европа ва НАТО мамлакатларига юбораман. Жуда кўп эмас", - деди Байден 28 январь куни.
АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин 25 январь куни 8,5 минг аскар Шарқий Европага жўнаб кетиш учун юқори шайлик ҳолатига келтирилганини айтган эди.
Хабарларга кўра, Украина чегарасидан бир неча ўн чақирим нарида тахминан 100 минг кишилик Россия ҳарбий контингенти жамланган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Остиннинг сўзларига кўра, айни дамда Россия президенти
Владимир Путин Украинага қарши ҳаракат бошлаши учун барча ҳарбий имкониятларга эга.
"Президент Путин бу кучларни Украинага қарши қўллаш бўйича якуний қарор қабул қилганига ишонмасак-да, ҳозир у бу қобилиятга эга эканлиги шубҳасиз", - деди Остин журналистларга.
Кремль ўзининг хавфсизлик кафолатлари бўйича талаблари борасида АҚШ ва НАТО томонидан юборилган ёзма жавобларни ўрганиб чиқишини ва "кейинги ҳаракатлар тўғрисида" қарор қабул
қилишини маълум қилган.
Россия Украина бўйича юзага келган инқирозни юмшатиш учун Европа хавфсизлик тизимини тубдан ўзгартиришни талаб қилмоқда.
Хусусан, Москва Украина ва бошқа собиқ совет мамлакатлари НАТОга қўшилишига йўл қўймасликни талаб қилмоқда. Аммо АҚШ ва НАТО бу
талабларни бажаришдан бош тортиб келади.
28 январь куни НАТО раҳбари Йенс Столтенберг Атлантика кенгаши форумида нутқ сўзлаб, альянс иттифоқчиларни кўнглини хотиржам қилиш ҳамда ўз қатъиятини кўрсатиш йўлида Шарқий
Европадаги иштирокини кучайтиришга тайёрлигини таъкидлади.
Айни дамда, Столтенберг ҳозирда Россия Украинага бостириб киришни режалаштираётгани муқаррар эмаслигини айтди.
28 январь куни АҚШнинг Москвадаги элчиси Жон Салливан Вашингтон Россиянинг инқирозни дипломатик йўл билан ечиш бўйича ёзма таклифларига жавобини кутаётганини айтди.
Элчи америкалик ва россиялик дипломатлар учрашишига умид қилишини қўшимча қилди.
Салливаннинг сўзларига кўра, дипломатия ягона оқил йўл, аммо бунинг учун Россия Украина чегараси яқинидаги қўшинларини олиб кетиши керак.
"Агар мен столга қурол қўйиб, ниятим тинчликни сақлаш эканини айтсам, бу таҳдид бўлади", - деди Салливан.
Салливан, шунингдек, агар Россия Украинага бостириб кирса, иқтисодий санкциялар Ғарб жавобининг фақат бир қисми бўлишини айтди. Унинг сўзларига кўра, Москвага қарши экспорт назоратини киритиш, Европадаги иттифоқчилар мудофаасига кўпроқ эътибор қаратиш,
"Шимолий оқим – 2" табиий газ қувури ишини тўхтатиш каби чоралар ҳам кўрилади.
Шунингдек, АҚШ расмийлари Россия SWIFT глобал банк ўтказмалари тизимидан узиб қўйилиши мумкинлигини айтишмоқда.
Салливан Россия ҳукумати Украинага бостириб кириш нияти йўқлигини очиқчасига айтаётган бўлса-да, Москва амалда кўраётган чоралар бунга тўғри келмаслигини айтди.
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россия радиостанцияларига берган интервьюсида яқин ҳафталарда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан музокараларнинг янги босқичини бошлаш учун учрашиши мумкинлигини айтди.
Украина президенти Владимир Зеленский эса Киевда журналистлар билан суҳбатда аҳолини саросимага тушмасликка чақирди.
"Ҳозирги вазиятни аввалгидан тарангроқ, деб ҳисобламайман. Хорижда бу ерда уруш бошланган, деган қараш тарқалган. Аслида ундай эмас", деди у 28 январь куни.
"Мен кескинлашув содир бўлмайди, демоқчи эмасман, ...( лекин) бизга бу ваҳима керак эмас", деди Украина президенти.