Хитой раҳбари Си Цзинпин Коммунистик партия аъзолари билан учрашувда мамлакатда “дўстлар даврасини кенгаштириш зарур”лигини билдирди. Бу ҳақда Би-Би-Си Хитойнинг Xinhua давлат агентлиги маълумотига таянган ҳолда хабар қилди.
Си Цзинпин ўз партияси аъзоларини Хитой ҳақида “ишончли, ёқимли ва ҳурматга сазовор” тасаввур яратишга чақирган.
Би-Би-Си суҳбатлашган таҳлилчилар бу “Хитой ўз дипломатик сиёсати ўзгартириши мумкин”лиги ишораси бўлиши мумкинлигини айтишган.
Си Цзинпин мазкур баёнотни Хитой ва Ғарб ўртасидаги алоқалар кескинлашган бир пайтда берди. Халқаро ташкилотлар ва Ғарб давлатлари Хитойни Шинжонда уйғур, қозоқ ва бошқа миллатга мансуб мусулмонларга босим кўрсатиш, уларни қайта тарбия қилиш лагерларига қамаш ҳамда Ҳонконгда демократ фаоллар ҳаракатини бостиришда айбламоқда.
31 май куни Хитой лидери партия аъзоларига Хитой “ўзига дўстлар топиши ва улар билан бирлашиши ҳамда халқаро даражада фикр алмашиш чоғида доим дўстлар даврасини кенгайтириб бориши лозим”лигини таъкидлаган.
Бундан ташқари, Си Цзинпин Хитой бошқа давлатлар билан муносабатларда “очиқ, ишончга сазовор ва мувозанатли” бўлиши кераклигини билдирган.
Си Цзинпин Хитойни 2012 йилдан буён бошқариб келади. Экспертлар унинг бошқарувини авторитаризмнинг кучайиши билан боғлаб келадилар.