Скрипалларни заҳарлаганликда айбланаëтган россияликлар "Солсберига черков кўриш учун борган" (ВИДЕО)

Ўзларини Александр Петров ва Руслан Боширов деб атаган шахслар RTтелеканалида.

13 сентябрь куни Кремлнинг инглиз тилидаги телеканали - Russia Today ўзини Александр Петров ва Руслан Боширов деб атаган шахслар билан "эксклюзив суҳбат"ни намойиш қилди.

5 сентябрь куни Лондон расмийлари айни шу шахслар жорий йилнинг 4 март куни Британиянинг Солсбери шаҳарчасида Россия хавфсизлик хизматининг собиқ жосуси Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлияни заҳарлаганликда гумонланаëтганини бутун дунëга эълон қилган эди.

"Солсберига сайёҳ сифатида маҳаллий черковни томоша қилгани боргандик..."

Солсберидаги қотилликда гумонланаётган Александр Петров ва Руслан Боширов исмли шахслар билан RT телеканали бош муҳаррири Маргарита Симоньяннинг ўзи суҳбатлашди.

Маргарита Симоньян суҳбатни Британияда айбланаëтган шахсларнинг ўзлари қўнғироқ қилганини таъкидлаш билан бошлади.

Симоньяннинг иккала суҳбатдоши “Солсберида нима қилиб юрган эдингизлар?” деган саволга "сайёҳ сифатида маҳаллий черков ва унинг минорасини томоша қилгани борган эдик" дея жавоб берди.

- Дўстларимиз анчадан бери шу черков ва унинг минорасини бориб кўришни тавсия қилаëтган эди. Бу шаҳарча бутун дунëдан туристлар борадиган жой. Биз 3 март куни Солсберида узоғи билан бир соат бўлдик, чунки ҳамма жойни лойқа қор босди. Эртаси куни қуёш чиқиб кетди. Албатта, биз Олд Сарум ва соборни кўргани бориб, саёҳатимизни 4 март куни тугатишга қарор қилдик. Яна ёмғир аралаш қор ёғди, деди ўзини Александр Петров деб таништирган шахс.

Россия ва Ғарб ўртасидаги сиëсий кескинликни янада оширишга сабаб бўлган Скрипалларнинг заҳарланишида гумонланаëтганлар Скрипаль кимлиги ва ўзларининг унинг уйи яқинидан ўтганларини ҳатто билмаганликларини иддао қилди. Боширов ва Петров, шунингдек, ҳеч қанақа “Новичок” заҳарловчи моддасини олиб юрмагани ва Россия махфий хизматларига алоқаси йўқлигини ҳам таъкидлади.

“Нима иш билан шуғулланасизлар?” деган саволга Симоньян “меҳмонлари” ўзларининг ўртаҳол тадбиркор эканлари - фитнес маҳсулотлари савдоси билан шуғулланишини айтди.

Руслан Боширов Британияга саëҳат давомида ўзларининг нега доимо бирга юргани ва битта меҳмонхонада қолганини изоҳлашни истамаслигини айтиб¸ Симоняндан шахсий ҳаётга аралашмасликни сўради.

- Биз сизга ҳимоя излаб мурожаат қилдик. Британиядан янграган айбловлардан кейин бизнинг ҳаётимиз “даҳшатга” айланди. Биз нима қилишни, кимдан ёрдам сўрашни билмай қолдик - Тергов қўмитаси, полиция, ФСБ, Буюк Британия элчихонасиданми, деди гумонланувчилардан бири.

"Боширов" ва "Петров" 3 март куни Солсбери темир йўл бекатида

5 сентябрь куни Буюк Британия ҳукумати Сергей ва Юлия Скрипалларни Солсбери шаҳрида асабни фалаж қилувчи “Новичок” гази билан заҳарлаганликда гумонланаëтган шахслар видео ва фотосуратларини эълон қилди.

Бир неча ой давом этган кенг кўламли разведка ва хавфсизлик текширувлари Скрипалларни ўлдиришга уринганликда гумонланувчиларнинг Александр Петров ва Руслан Боширов номларига берилган Россия паспорти билан 2 март куни Лондонга учиб келиб¸ 4 март куни Скрипаллар заҳарланган куни Россияга қайтиб кетганини кўрсатган.

Парламент олдида қилган махсус чиқишида мамлакат бош вазири Тереза Мэй паспортдаги бу исмларнинг сохта бўлиш эҳтимолини қайд этган ва ГРУ - Россия Бош разведка бошқармаси ходимлари бўлган Петров ва Бошировнинг Британия ҳудудидаги бундай қотилликнинг Россия олий бош қўмондонлиги рухсати билан амалга оширилганини билдирган эди.

Россия Бош разведка бошқармаси собиқ агенти Сергей Скрипаль ва унинг қизи 4 март куни Солсберида асабни фалажловчи Новичок газидан заҳарланган эди. Кўп ўтмай қўшни шаҳарчага ташлаб кетилган атир шиша ичидаги айни газдан бир аёл ўлган ва бир эркак оғир аҳволда касалхонага ëтқизилган эди.

12 сентябрь куни Россия президенти Владимир Путин Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлияни Новичок гази билан заҳарлаганликда гумон қилинаётган Александр Петров ва Руслан Боширов, Британия иддао қилаётганидай, рус ҳарбий разведкаси ходимлари эмас, оддий фуқаролар эканини билдирди:

-Биз, албатта, бу одамлар ким эканини аниқладик. Уларни топдик. Умид қиламанки, улар жамоатчиликка кўриниш бериб, ўзлари ҳақида гапириб беришади. Бу ерда ҳеч қандай ўзгачалик ёки жиноят йўқ, деди Путин 12 сентябрда Владивостокда ўтган иқтисодий форум доирасида журналистлар саволларига жавоб берар экан.

Путиннинг бу баёнотидан сўнг Британия бош вазири Тереза Мэй матбуот хизмати Лондоннинг Скрипалларнинг заҳарланиши юзасидан Москвадан тушунтириш олиш ҳаракатларига «ёлғон жавоблар» бериб келинаётганини билдирди.

Россия Скрипалларнинг заҳарланишига алоқадор эканини инкор этиб келади. Мазкур воқеа Ғарб ва Россия ўртасидаги муносабатларни янада ёмонлаштирди.

ГРУнинг собиқ ходими Сергей Скрипаль Россияда Британия разведкаси фойдасига хоинликда айбланиб, қамалган. 2010 йилда у авф этилган ва АҚШ-Буюк Британия фойдасига жосусликда айбланган бошқа россияликлар қаторида алмаштирилган.