Сталиннинг Шинжон сиёсати. Бугунги гуманитар жиноятлар пойдевори 30-40 йилларда қуйилган

Хитой - болалар Совет доҳийси Сталин портрети атрофида ўйнамоқда.

Хитойнинг мусулмон уйғурларга ғайриинсоний муносабати бу йил, ниҳоят, жаҳон сиёсатининг асосий мавзуларидан бири бўлди.

Аммо ушбу миллатлараро зиддият тугуни айни кўринишида шахсан Сталин томонидан тугилганини билган бор, билмаган бор.

Москва ўтган асрнинг 30-40 йилларида қонли қўлини олис Шинжонга чўзаркан, стратегик манфаатларни – ўлкадан Хитой марказий вилоятлари ва Тибетни, ҳатто Британия Ҳиндистонини забт этишда плацдарм ўлароқ фойдаланишни кўзлаганди.

Совет раҳбарлари минтақада юз бераётган воқеалардан жуда яхши хабардор эди, чунки Фуқаролар уруши даврида кўплаб оқ эмигрантлар ва қўзғолончи деҳқонлар ўша ердан қўним топишган, Қизил армия эса уларни қувиб 1921 йилда ўлкага бостириб кирган. Ҳатто сиёсий бюрода Шарқий Туркистон ҳудудида Қошғар ва Жунғор республикаларини ташкил қилиш масаласи кўриб чиқилган ҳам экан...

Чекистлар ва армия махсус хизматлари минтақани синчиклаб ўрганишар, келгинди руслар ва туб ерликлардан бутунбошли айғоқчилар тармоғини барпо этишганди. СССР Шинжоннинг асосий ташқи иқтисодий ҳамкори эканлиги эса ишни анча осонлаштирарди.

1931 йил апрель ойида шарқий Шинжонда маҳаллий аҳоли Хитой ҳукмронлигига қарши бош кўтарди. Британиянинг Пекиндаги консули Майлс Лэмпсон ўз ҳисоботида “...қўзғолон... айтишларича, советларнинг иғвоси билан юз берган”ини ёзган. Ростдан ҳам Москва дастлаб исёнчилар ёнини олмоқчи эди, боз устига яқиндагина советлар Шарқий Хитой темир йўли устидан Хитой билан тўқнашган кезлар эди. Бироқ Сталин Гоминьданни японларга қарши гиж-гижлашга интилиб, Шинжон раҳбариятига замонавий қурол-яроғ сотар ва ҳарбий йўриқчиларни пешма-пеш юбориб, ўлкада каттагина кучни вужудга келтирганди.

Шарқий Туркистондаги хитой қўшинининг жанговар ўзагини ёлланма хизматга кирган тажрибали рус оқ эмигрантлари ташкил қилди. Чунки Хитой раҳбари Чан Кайши Манжурияни босиб олган Япония билан овора бўлиб қолган, Шимоли-Ғарбга йирик аскарий тузилмаларни юбора олмасди.

Шинжоннинг Москва томонидан ишғол этилиши билан неча босқичда ва 1932 йилда мағлубиятга учраб, 1932/33 йил қишида янги куч билан оловланган диний қўзғолонга жавоб ўлароқ давом этди. Тез орада маҳаллий қозоқ ва қирғизлар, шунингдек мусулмон хитойлар – дунганлар ҳам қўшилиб, қўзғолон Шинжоннинг бутун жануби-ғарбини қамраб олди ва ўлка пойтахти Урумчигача етиб борди.

1933 йилда рус оқ эмигрантлари қўзғолончилардан мағлуб бўлган губернатор Цзин Шуженни ағдариб ташлаб, Шэн Шицайни иқтидорга келтиришди. Кейинроқ Чан Кайши тўнтаришни қизиллар уюштирганини айтади. Бу иддаонинг далили шуки, Шужен саройини босган казак ясовули Иван Бессонов аслида Қизил армия полкларидан бирининг штаб ошлиғи бўлиб, Урумчига махсус йўлланган эди. Нима бўлганида ҳам Шэн Москвага харихоҳлик сиёсатини юрита бошлайди, леки қўзғолончилар бир неча этник ва сиёсий гуруҳлардан иборат бўлгани сабабли масалани дипломатик йўл билан ҳал қилиш имкони топилмайди.

1933 йил 7 ноябрда “Олтой кўнгиллилар армияси” деб аталувчи, аммо аслида ОГПУ аскарларидан тузилган минг кишилик полк, учоқлар ва танклар билан Шинжонга бостириб кирди. СССР ҳеч кимга уруш эълон қилгани йўқ, қизил армиячилар эса оқ гвардиячилар, яъни подшо армиясининг уст-бошини кийиб олишганди. Амалиётга, кейинчалик Катта террор ташкилотчиларидан бири бўлган Михаил Фриновский бошчилик қилди.

Ўша жанглар иштирокчиси Фдор Полинин эсдаликларида ёзишича, қизил армия айни қўзғолончилар Урумчи шаҳрини ишғол қилаётган маҳалда етиб келиб, уларнинг бошига “25 килограммли парчаланувчи бомбаларни ёғдирган”. “Ҳаводан ҳужум бўлишини сира кутмаган қўзғолончилар карахт бўлиб қолишди... Тез орада исён бостирилди. Ғалаба шарафига катта зиёфат бўлди. Губернатор барча совет учувчиларини мукофотлади”, деб ёзади Полинин.

Мазкур жангдан сўнг Қизил армия полкининг бир қисми ортга қайтади, бир қисми эса “байналминал бурч”ини бажаргани қолади.

Губернатор Шэн ўша йили май ойида Сталинга ёзган мактубда шундай сўзлар бор: “Шинжон халқаро вазият нуқтаи назаридан нафақат СССР учун, балки бўлажак жаҳон уруши ва жаҳон инқилоби учун ҳам фавқулодда муҳимдир”.

Қўзғолон қадам ба қадам бостирилгач, мусулмон эътиқодли туб аҳолини оммавий қамаш ва ўлдириш билан таъминланган омонатгина тинчлик ўрнатилди. Ҳарбий маслаҳатчи Виктор Обухов янги маъмурлар салафларининг барча мудҳиш усулларини қабул қилишганини, суд ва терговда туб ерликлар ҳар турли қийноқларга гирифтор этилиши ҳақида ёзиб қолдирган. Уйғур сиёсатчиси Исо Алптекин “Шарқий Туркистон масаласи” китобида Шэннинг ҳамтовоқлари қийноққа солишнинг 125 ва ўлдиришнинг 28 усулини қўллаганини, бу усулларнинг аксари СССРдан “импорт” қилинганини қайд этган. Совет архивларидан топилган айрим ҳужжатлар бу фикрни билвосита тасдиқлайди.

Натижада 1937 йили мусулмонлар яна бош кўтарди, бу гал исён жануби-ғарбдаги Қошғар округи ва Тожикистон ҳамда Қирғизистонга чегарадош ҳудудларни қамраб олди. Шэнга содиқ кучлар ҳар қулай фурсатда тинч аҳолини талашга киришиб кетгани учун ҳам ожиз қолди. Ҳатто совет авиацияси ҳам фойда бермади.

Шундан сўнг Қирғизистондан тўртта полк (шу жумладан, механизациялашган полк), икки батарея ҳамда кавалерия дивизияларининг махсус бўлинмаларини ўз ичига олган катта отлиқ қўшин жўнатилди. Танклар довон йўллари орқали Помирни ошиб ўтди, амалиётни осмондан совет авиацияси дастаклаб турди.

1933 йилда бўлгани каби бу гал ҳам ҳужум ошкор қилинмади, ҳарбийларнинг ҳеч бирида шахсий ҳужжатлар йўқ эди. Кузда қўзғолончилар тор-мор этилди, шундан сўнг “халоскорлар”, ўз ҳисоботларига кўра, 3045 асирни қатл этишди.

Чан Кайши ўша воқеалар ҳақида эсдаликларида шундай қайд этган: “...япон агрессиясининг олдини олиш баҳонасида Совет Россияси Хами шаҳрига (Шинжон шарқида) Қизил Армиянинг мунтазам қисмларини жўнатди. Натижада улар Шинжонни Хитойдан юлиб олишга муваффақ бўлишди”.

1937 йил октябрдан ушбу минтақани босиб олишдан стратегик муддао чин маънода бўй кўрсатди – СССР Японияга қарши урушда Гоминданга ёрдам бера бошлади. Ҳарбий учоқлар, қурол-аслаҳа ва ҳарбий юклар асосан Қозоғистон ва Шинжон орқали темир йўл ва автоуловларда етказиб берилди. Жуда қисқа муддатда Қозоғистоннинг Сариўзак бекатидан Урумчи орқали Хитойнинг марказий қисмидаги Ланьчжоу шаҳрига 3 минг чақиримли автомобиль йўли ётқизилди.

1938 йилда Шэн Шицай Москвага таклиф этилиб, у ерда Ворошилов ҳамда Сталин билан учрашди, Катта хўжайинлардан минтақа тақдирига доир кейинги кўрсатмаларни олди. Чан Кайши ёзишича, “шундан сўнг советлар Шинжон устидан тўлиқ ҳукмронлик ўрнатган...”

Сталиннинг Хитой сиёсати ортидан Кунчиқар мамлакат, биринчидан, Хитой билан урушга қоришиб қолган бўлса, иккинчидан, СССР томонидан сулҳ тузишга мажбур қилинди. Дастлаб Гоминьдань билан жангларда, кейин эса Халхин-Гол кўли ёқасидаги тўқнашувда совет қуроли кучини синаб кўргач, Япония 1941 йил 13 апрель куни Москвада бетарафлик тўғрисидаги шартномага имзо чекди. Молотов-Риббентроп пактининг Осиё-Тинч океани аналоги бўлмиш ушбу ҳужжат японларнинг Пёрл-Ҳарбор ва Сингапурга ҳужум қилишига йўл очди.

Бу пайтга келиб Советлар Шинжонда шу қадар ерлашиб олишган эдики, тез орада Урумчида И-16 қирувчи учоқларини йиғадиган завод (“600-сонли завод”) қуришди. Ғулжа (Инин) шаҳрида авиамактаб очилиб, совет йўриқчилари хитойларга “самурайлар”ни уриб туширишни ўргата бошлашди.

Кремль Шэн Шицай билан шартнома тузиб, Шарқий Туркистоннинг табиий бойликлари ва инфратузилмалари устидан назорат ўрнатди, ўз қўшинларини жойлаштирди, совет ҳарбий ва фуқаровий хизматчилари учун бутун вилоят бўйлаб турар-жой ва казармалар қурдирди... Чан Кайши ичида қаттиқ норози бўлса-да, тишини-тишига босди – Гоминьдань Москванинг ёрдамига жуда муҳтож эди.

Германия билан уруш Сталиннинг режасидан чиқиб кетди. 600-сонли завод чиқарган учоқларни совет-герман фронтига йўллай бошладилар.

Катта оғаси қийналиб қолганини кўрган Шэн эса барча лаганбардор ва хоинларга хос иш тутди, яъни кечаги ҳомийларини сотди. Қандай қилиб? Губернатор ими-жимида атрофини советпараст мулозимлардан тозалашга тушди, қизилларга содиқ қўмондонларни ўлдирди ва шу тариқа СССРнинг ўлкадаги таъсирини қирқа бошлади. Москва билан кескинлик юзага келди, Шинжондаги ҳарбий тузилмалар, йўриқчилар, инженерлар СССРга чақириб олинди. 1933-44 йилларда, аввалига коммунизм учун ва кейин унга қарши курашиб 80 минг кишини қатл этган ва қийнаган, 120 мингдан зиёд одамни қамоқларга отган ўлмас Шэн гоминьданчилар сафига қайтиб, кейинги хизматлари учун баландроқ мартабага минди.

Сталин эса минтақадан умидини узмаганди. 1943 йилнигн баҳоридаёқ НКВД, НКГБ ва ҳарбий разведка... Шинжон мусулмонларини қўзғолон кўтаришга тайёрлашга киришди. Советлар Олтойда қозоқ исёнчилари раҳнамоси Оспан Ботирни қуроллантиришди, ҳолбуки икки йилгина олдин уни душман деб билишарди. Тарихчи Вадим Обухов фикрича, бу сафар Сталиннинг мақсади – ядро қуролини яратиш учун зарур уран конларини қўлга киритиш бўлган.

1944 йилнинг сентябрида Қозоғистонга туташ Нилка уездида ғалаён кўтарилиб, секин-аста кенгая бошлади. 7 октябрь куни Ғулжа шаҳрида қўзғолончилар ҳарбий объектлар ва аэродромни ғоят абжирлик билан эгаллаб олишди, беш кундан сўнг эса Шарқий Туркистон Республикаси (ШТР) тузилгани эълон қилинди. Янги давлатга асли ўзбек Алихон Тўра (Соғуний) раҳбар бўлди.

5 декабрь куни НКВД таркибида ШТРга кўмаклашиш учун махсус бўлинма тузилиб, унинг бошлиғи генерал Владимир Егнаров қўзғолонга жойида раҳбарлик қилиш мақсадида Ғулжага етиб борди.

Чекист жангари бўлинмалари (“Батир”, “Буйга”) пешма-пеш келиб тургани сабабли Жунғориядаги қўзғолон шимол ва жанубга қараб ёйилди ва кўп ўтмай ШТР ва унинг иттифоқчилари бўлмиш қозоқ партизанлари Шинжоннинг бутун шимолий қисмини эгалладилар. Катта оға қурол-аслаҳа юборишни канда қилмади.

Апрелда Алихон Тўрадан Сталин номига миннатдорлик мактуби борди: “...Шарқий Туркистон халқлари фақат Буюк Совет Иттифоқи ёрдами билангина озод бўлишлари мумкин... Миллионлаб одамлар Сизга жафокаш халқларнинг манфаатларини ҳимоя қилаётган доҳий деб қарашмоқда...”

Хитой Шинжонга томон 80 минг кишилик қўшин тортгани хабари келганидан сўнг, 22 июнь куни сиёсий бюро “Шинжон тўғрисида” қарор қабул қилди: унга кўра, ўлкада ҳукумат тузилиши, унинг ҳарбий қудрати оширилиши лозим эди. Биргина шу қарорга мувофиқ Қизил армиянинг 500 зобити ва 2 минг сержантини Шарқий Туркистонга йўлладилар. Интервентлар, одатдагидек, фуқароча кийинган эди. Аскарлардан ташқари, авиация ва танклар ҳам ишга солинди.

Шунча ишларга қарамай, Чан Кайши СССР билан зиддиятга бормасликни маъқул топди – советлар унга қарши яна Мао Цзэдунни ҳам тиш-тирноғигача қуроллантиришидан чўчиди. Қизил армия Япония билан уруш чоғида Маньчжурия ва Кореяга бостириб кирганида эса ҳатто Москва билан дўстлик ва иттифоқ шартномасини имзолади (1945 йил 14 август).

Бу орада мусулмон қўзғолончилар сони 30 мингдан ошган, уларга Қизил армия, НКВД ва НКГБнинг “байналминалчи жангчилари” ёрдам берарди.

Гоминьданнинг яқин истиқболга доир мўлжали тўғри чиқди – кузда Сталин Шинжондаги “чекланган контингент”ни олиб чиқиб кетишни бошлашга буйруқ берди, шунингдек маҳаллий қўзғолончи мусулмонлардан ўт очишни тўхтатишни талаб қилди. Кремль, биринчидан, Маонинг ғалаба қозонишига ишонқирамаётган, қолаверса, Американинг Хитой ички урушига бевосита аралашиб, атом бомбаси ортилган учоқларни йўллашидан ҳадиксираётган эди.

Сталин қадам ба қадам томонларни сулҳга келтирди, айни чоғда энг қимматли табиий бойликлар устидан назоратни сақлабқолди. Алихон Тўрани Тошкентга олиб чиқиб кетишди. ШТРнинг қолган раҳбарияти 1946 йил 1 июль куни Урумчида ярми хитой ва ярми уйғурлардан иборат муроса ҳукумати тузишга мажбурланди. Чан Кайши “илк дафъа Шинжонда синалган ушбу кремлпараст “коалицион ҳукумат” Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Шарқий Европада қўғирчоқ совет давлатларини тузиш учун намуна бўлиб хизмат қилди”, деб ёзган эди.

1931-1946 йиллардаги қўзғолонлар ва урушлар беш миллион нуфусли Шинжонга 100 мингдан ортиқ қурбон келтирди, Шен Шицай қатағон қилган туб ерликлар салмоғи ҳам тахминан шунчага боради...

Сталинбир қўли билан Шарқий Туркистонни Гоминьданга бўшатиб берган бўлса, бошқа қўли билан Мао Цзэдунни қўллаб, у бошлиқ коммунистларнинг Хитойда узил-кесил ғалаба қозонишини таъминлади. 1949 йил 18 июнда генераллиссимус Маога хат ёзиб, Урумчига ҳужум қилишга қистади. Ўн кун ўтиб Хитойнинг шимоли-ғарбий қисми тақдири ҳал бўлди. “Шинжон ишғолини ортга суриб бўлмайди, – дея Укасига маслаҳат берди Сталин. – Чунки инглизлар ўлкага кириб келиб, мусулмонларни коммунистларга қарши фаоллаштириши мумкин, ҳолбуки ўлкада Хитой учун ниҳоятда зарур нефть ва пахта мавжуд”.

Сталин ҳатто сателлитлари билан суҳбатларда ҳам босқинни мудофаа билан хаспўшлашни одат қилганди. Ахир Ҳиндистон-Покистон уруши яқиндагина тугаган бўлса, уларнинг Хитой ва Жунғория билан неча пуллик иши бўлиши мумкин? Қолаверса, икки янги давлатнинг кечаги мустамлакачи – Британия йўриғига юриши ақлга сиғадими? Йўқ, албатта. Аммо Сталин тап тортмай ташқи душманлар ҳақида лоф урди ва бу билан келгусидаги мудҳиш гуманитар жиноятлар пойдеворини қурди.

ХХР Шинжондаги ўз сиёсатини ҳануз Сталин ССРда татбиқ этган этник-давлат инженерияси рецептлари бўйича олиб бормоқда. “Халқлар доҳийси” ХХР Компартияси делегациясига шундай маслаҳат берган эди: “Шинжонда хитой аҳоли фоизга ҳам бормайди, ишғолдан сўнг улар салмоғини 30 фоизга етказиш лозим. Бу қадар бой ва улкан ўлкани ҳар томонлама ўзлаштириш ички ҳудудлардан хитойларни кўчириб боришни тақазо этади”.

Айни чоғда Сталин “укалари”га миллий озчил халқларнинг манфаатларига парво қилмасликни тавсия этди: “Умуман, Хитой мудофаасини мустаҳкамлаш учун барча чегара ҳудудларига хитойларни ерлаштириш зарур”.

29 июль куни сиёсий бюро ШТР ҳукумати аъзоларини Читага таклиф қилиб, улар учун махсус учоқ ажратиш тўғрисида қарор қабул қилди. Уйғур ҳукумати вакиллари Читадан Хитой Халқ сиёсий маслаҳат кенгаши сессиясида иштирок этиш учун Пекинга етказилиши керак эди. Бир ойдан сўнг, 25 августда СССР ва ХХР оммавий ахборот воситалари делегация тушган учоқ Иркутск яқинида ҳалокатга учраганини хабар қилди – Шарқий Туркистоннинг барча юқори мартабали мулозимлари, жумладан унинг президенти Аҳмаджон Қосимий дохил 17 кишининг ҳаммаси ҳалок бўлди.

Кўп ўтмай Шинжон ҳукумаи раиси, асли қозонлик татар Бурган Шаҳидуллин ўлканинг ХХРга қўшилганини эълон қилди. 20 октябрь куни Хитой Халқ озодлик армияси Урумчига тантана билан кирди.

Шундай қилиб Сталин Шинжонни ишғол этишда уйғурлардан икки марта фойдаланди: 1930-йилларда – қулай душман сифатида, 1940-йилларда эса иттифоқчи ўлароқ. Ва пировардида уларни Маога сотди.

Жугашвили билан Мао Цзэдун ўлиб кетишди, аммо улар Шарқий Туркистонда мерос қолдирган кескинлик постсталинистлар инқирозида детонатор вазифасини бажариши мумкин. Эртами, ё кеч.