Томск ва Иркутск судлари Алексей Навальнийнинг минтақаларда қўлга олинган сафдошлари учун эҳтиёт чорасини белгилади. Навальнийнинг Томскдаги минтақавий штаби собиқ раҳбари Ксения Фадеева ҳамда Иркутскдаги штаби собиқ координатори Захар Сарапуловга интернетдан фойдаланиш, терговчи рухсатисиз биров билан гаплашиш ва оммавий тадбирларга бориш тақиқланди. Бу ҳақда “Команда Навального” телеграм-канали маълумот тарқатди.
Фадеева “экстремистик ҳамжамият ташкил қилганлик”да, Сарапулов эса фуқароларнинг шахси ва ҳуқуқларига дахл қилувчи нотижорат ташкилот тузиш ёки унинг фаолиятида иштирок этганликда гумонланмоқда.
Фаолларни қўлга олиш чоғида 28 декабрь куни Россиянинг турли шаҳарларида беш киши ҳибс қилинган.
Июнь ойида Москва шаҳри суди Алексей Навальний минтақавий штабларини ва у асос солган Коррупцияга қарши кураш ҳамда Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фондларини “экстремистик ташкилотлар” деб топган эди. Тергов қўмитаси сентябрь ойидан бери Алексей Навальний ва унинг тарафдорларига қарши очилган “экстремистик ҳамжамият тузиш”га доир жиноят иши бўйича тергов олиб бормоқда.
Навальний минтақавий штаблари тармоғининг собиқ раҳбари Леонид Волков фаоллар қўлга олинишини “қатағонларнинг янги ҳалқаси” деб атаган. У ҳамкасблари штабларда ишлаган пайтда бунақа фаолият қонуний бўлганини урғулаган. Волков штаб раҳбарларига Россиядан кетиш таклиф қилинганини, аммо айримлар, жумладан, Фадеева ҳамда Сарапулов буни хоҳламаганини айтган.