Вашингтонга ташриф буюрган Беларусь мухолифати етакчиси Светлана Тихановская Қўшма Штатларни ўз мамлакатидаги демократик ҳаракатни кўпроқ дастаклашга чақирди. Бу ҳақда “Америка овози” хабар берди.
19 июль куни ўтказилган брифингда Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки Тихановкаянинг АҚШга ташрифига қисқача тўхталиб, у Оқ уй расмийлари билан учрашишини маълум қилган.
Ўша куни Тихановскаяни давлат котиби Энтони Блинкен, унинг ўринбосари Виктория Нуланд ҳамда маслаҳатчиси Дерек Шолле қабул қилишган.
Учрашув чоғида Тихановская АҚШни Беларусдаги мустақил оммавий ахборот воситалари, Youtube-лойиҳалар, телеграм-каналлар, журналистик суриштирувлар учун шошилинч ёрдам чоралари туркумини қабул қилишга, шунингдек фуқаролик жамиятига, қатағон қилинганлар ва хусусий бизнесга, сиёсий маҳбуслар ва уларнинг оилаларига кўрсатилаётган ёрдамни кучайтиришга чақирган.
Шунингдек, Тихановская беларуслик талабалар ва тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш учун стипендия дастурлари сонини кўпайтиришни сўраган.
Светлана Тихановская ўтган йили Беларусда ўтказилган президент сайловида эри, видеоблогер Сергей Тихановскийнинг ўрнига ўз номзодини қўйган эди. Тихановский жамоат тартибини бузишда айбланиб 2020 йил майдан бери қамоқда сақланмоқда. Сайловдан сўнг Тихановская Литвага қочишга мажбур бўлган.