Нью-Йорк шаҳрининг Таймс майдонида жойлашган реклама тахтасидаги машҳур россиялик тожик қўшиқчи Манижанинг олди очиқ анъанавий либосда тушган сурати ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама сабаб бўлди.
Айримлар қўшиқчини ёқлади, бошқалар эса уни кескин қоралади.
"У ўзини тожик деб ҳисоблайди, тожикча исм-шарифга эга ва айни дамда кўкрагини очиб юради", дейди Завқибекий Саидаминий 20 январь куни Озодлик радиосининг тожик хизматига берган
интервьюсида.
"Бу фахрланишга арзигулик нарса эмас, балки уят ва шармандалик".
Ижтимоий тармоқларда кўпчилик айнан шу оҳангда шарҳ қолдирди.
Улар Манижани "тожик маънавияти"ни унутмасликка чорлайдилар.
Айримлар эса қўшиқчини ҳақорат ёки масхара қилиб чиқди.
"Унинг яланғоч танасини ёпиш учун етарли мато топиш шунча қийинми?" деб ёзди Юсуф Юсуфов киноя билан.
Бошқалар эса Манижа дунёга танилган машҳур майдонда миллий тожик либосини тарғиб қилганидан фахрланишларини изҳор қилишди.
"Дунё нафақат [тожик либоси] ҳақида, балки қўшиқчи, унинг истеъдоди ва тожикистонликлар ҳақида ҳам билиб олди", деб ёзди Шаҳнозаи Бадриддин.
"Баракалла, Манижа!" деб ёзди Facebook фойдаланувчиси Мири Ҳабизаде.
"Баъзилар Тожикистонни ва тожик бўлишни ўзларининг шахсий мулки деб билишади. Агар улар... бошқа қадриятларга эга бўлсалар, сизнинг тожик бўлиш ҳуқуқингизни тортиб олишга ҳаракат қилишади. Худога шукур, дунё монохроматик эмас. Биров чодир кийишни яхши кўради, биров яланғоч юришни хоҳлайди. Иккаласи ҳам хоҳлаганини қилади".
19 январь куни тожикистонлик журналист Одил Нозир Facebookдаги саҳифасида Манижанинг суратини қуйидагича изоҳлади:
"Манижа – эркин одам. Уни қоралашга ҳаққимиз йўқ: у нима кийишини муҳокама қилиш аҳмоқлик. YouTube ва Instagramда эстрадамиз юлдузларининг видеоклипларини томоша
қилсангиз, уларнинг либослари янада очиқроқ эканлигига гувоҳ бўласиз".
31 ёшли Манижа "Евронигоҳ – 2021" қўшиқ танловида Россия номидан иштирок этиб, энг юқори ўринни эгаллаган ўнталикка кирганидан кейин шуҳрат қозонди.
Ҳам қўшиқчи, ҳам аёллар ҳуқуқлари ҳимоячиси
Қўшиқчи Россияда ҳам, ватани Тожикистонда ҳам оиладаги зўравонликни қоралаб ҳамда аёллар ҳуқуқлари ва ЛГБТ ҳамжамиятини қўллаб-қувватлаб, яхши танилди.
2020 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қочқинлар бўйича олий комиссарлиги Манижани эзгу ният элчиси этиб белгилаган.
Бу орада Манижа ҳақоратомуз фикрларга ўз муносабатини билдирди. Қўшиқчи 20 январь куни Instagramдаги саҳифасида Бон Жовининг машҳур My Life ("Бу менинг ҳаётим") қўшиғи садоси
остида видео эълон қилди.
Манижа баҳс-мунозараларга сабаб бўлган сурат олдида ўзини видеога олиб, "нафратланувчилардан қутулишнинг ягона йўли - ҳеч нарса қилмаслик", деб ёзди.
Манижанинг оиласи 1990 йилларда Тожикистонда фуқаролар уруши бошланиши ортидан мамлакатни тарк этган.
У ўзини ҳам тожик, ҳам рус ҳисоблашини айтган.
Манижа "Евронигоҳ" қўшиқ танловида Россия номидан иштирок этгани ҳам катта шов-шувга сабаб бўлганди.
Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек тилидаги сегментидаги каби, тожик сегментида ҳам эстрада юлдузларининг қандай кийиниши тез-тез муҳокамага сабаб бўлади.
Тожикистондаги жамият иккига бўлинганини Манижа ҳақида билдирилган фикрлар яққол кўрсатади: Айримлар «Оллоҳ ҳидоят қилсин» деб ёзган бўлса, бошқалар эса "Ҳар ким ўз гўрига
ўзи тушади", мақолини эслатди.