Эрон ва Ўзбекистон имтиёзли савдо бўйича дастлабки келишувга эришди, дея хабар қилди Mehr агентлиги.
Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратовнинг Теҳронга ташрифи чоғида эришилган битим доирасида томонлар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 10 баробарга оширишни, яъни 500 миллион доллардан 5 миллиард долларга етказишни кўзламоқда.
Қайд этилишича, Теҳрон ва Тошкент Эрондан экспорт қилинадиган поезд вагонлари, электр энергияси ишлаб чиқариш турбиналари, пўлат ва нефть-кимё маҳсулотлари учун савдо тарифларини пасайтириш борасида умумий тўхтамга келган.
Таҳлилчиларга кўра, Эрон Ғарб бозорларига киришни чекловчи санкциялар сабабли минтақа давлатлар билан олди-сотди ҳажмини оширишга уринмоқда.
Теҳрон Россия бошчилигидаги Евросиё иқтисодий иттифоқи, шунингдек, Покистон ва Индонезия билан имтиёзли савдо шартномаларини имзолашга муваффақ бўлган.
Форс давлати тарихан яқин саналган Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳам иқтисодий ҳамкорликни жонлаштиришга интиляпти.
Озодлик аввалроқ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил 17 июль куни Эроннинг янги сайланган президенти Масъуд Пезешкиён билан телефон орқали сўзлашгани, мулоқот давомида энергетика, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат каби тармоқларда кооперация лойиҳаларини илгари суриш муҳимлиги қайд этилгани ҳақида хабар қилган эди.
Жорий йил апрель ойида Олий Мажлис Сенатида ўтказилган ҳисобот мажлисида Эрон билан биргаликда умумий қиймати 362 миллион долларлик 46 та инвестициявий ва савдо битими амалга оширилаётгани айтилган.