ТИВ вакили афғонистонлик ҳарбийларнинг барчаси Ўзбекистонни тарк этганини тасдиқлади

Афғонистондан қочган пилотларнинг айримлари Ўзбекистонга UH-60 Black Hawk вертолётларида (суратда) учиб келишган

Толибон Кобулни эгаллаши ортидан Ўзбекистонга қочган афғонистонлик ҳарбийларнинг ҳаммаси 12-13 сентябрь кунлари бошқа мамлакатга эвакуация қилинган. Бу ҳақда Газета.uz нашрига Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Юсуф Қобилжонов маълум қилган.

Мулозим афғонистонликларнинг айнан қайси мамлакатга йўлланганига аниқлик киритган эмас.

Аввалроқ Reuters агентлиги якшанбадан эътиборан афғонистонлик учувчилар ва уларнинг оила аъзоларини Ўзбекистондан олиб чиқиб кетиш бошлангани ҳақида хабар қилган эди.

Афғонистонлик ҳарбийлар ва оила аъзоларидан иборат 585 нафар киши 15 август куни Кобул Толибон қўлига ўтишидан бир неча соат аввал А-29 русумли енгил ҳужумчи учоқлар ва UH-60 Black Hawk вертолётларида Ўзбекистонга учиб келишганди. Ўшанда Ўзбекистон ҳарбий учоқлари билан йўли кесилган бу учоқ ва вертолётлар Термиз халқаро аэропортига мажбуран қўндирилган эди.

АҚШнинг амалдаги расмийлари ҳамда собиқ мулозимлари Reuters агентлигига Толибон ҳаракати учоқлар ва учувчиларни қайтариш талаби билан Ўзбекистон ҳукуматига босим ўтказганини маълум қилишган.

Афғонистонлик пилотлар миниб келган учоқ ва вертолётлар тақдири ҳозирча номаълум қолмоқда. Толибон бу ҳаво машиналарининг Кобулга қайтарилишини талаб қиляпти, айни пайтда америкалик дипломатлар учоқ ва вертолётларнинг Қўшма Штатларга қайтарилишига умид қилишмоқда.