Тожикистонда бу йил пенсиялар ошмайди. Пенсионерлар қандай кун кечиришяпти? (ВИДЕО)

Жаҳон банки маълумотига кўра, Тожикистон аҳолисининг учдан бир қисми камбағалликда яшайди. Пул қадрсизланиши вазиятни бадтар чуқурлаштирмоқда. Шунга қарамай, ҳукумат жорий йилда пенсияларни оширмоқчи эмас: фақат чин етимлар ва отасиз ёки онасиз болаларнинг нафақа пулларигина оширилмоқда (25 фоизга). Шу тариқа, чин етимларнинг нафақаси жами 20 долларни, отасиз ёки онасиз болалар нафақаси эса салкам 13 долларни ташкил қилади.

Қолганлар умид қилмасалар ҳам бўлади: Тожикистон ижтимоий суғурта ва пенсиялар агентлиги барча ижтимоий тўловларни ошириш учун бюджетда пул йўқлигини айтди.

Қорасоч Мавлонова ойига 28 долларга тенг миқдорда пенсия олади. Бу фақат ун ва картошка сотиб олишга етади холос, ҳолбуки 66 ёшли пенсионер аёл олти жонни, шу жумладан бир неча болани боқиши керак.

“Эрим саратон касалидан ўлган. Ўғлим кўп йиллар бурун Россияга ишга кетиб, ўша ёқда ўлди. Қизимнинг турмуши бузилган: эри дом-дараксиз кетган, уч фарзанди бор, уларни едириб-ичириш керак. Мен бўлсам атиги 300 сомоний пенсия оламан. Ўғлимнинг уч фарзандини меҳрибонлик уйига топширишга мажбур бўлдим”, дейди Мавлонова.

Аёл жон деб ишлаган бўларди, аммо пенсионерни доимий ишга қабул қилишни ҳеч ким хоҳламаяпти. Қорасоч ва қизи майда-чуйда ишларни бажариб бир оз пул ишлашади, баъзан хайрия ташкилотлари ёрдам беради. Қорасоч бу йил пенсияси ошишига умид қилганди, уч-тўрт сомоний қўшиб беришса ҳам бир корига яраган бўлар эди. Бироқ ҳукумат бу йил пенсиялар миқдори ўзгармаслигини айтди.

Қорасочнинг набиралари отасиз ўсишаётгани сабабли давлатдан нафақа олишга қонунан ҳақли. Аммо аёлнинг шахсий уйи ва пропискаси бўлмагани учун ҳужжатларни расмийлаштира олишмаяпти. Шу муаммони ҳал қилганида эди уч боланинг ҳар бири учун ойига қарийб 13 доллардан пул олган бўлишарди.

“Мамлакат бўйича 1763 нафар чин етим ва 62 мингдан ортиқ отасиз ёки онасиз болалар бор. Бу икки тоифа учун нафақалар чорак ҳиссага ошди, аммо бошқа тоифаларнинг ижтимоий тўловларини оширишнинг имкони бўлмади”, дейди Тожикистон пенсиялар агентлиги директори Дилмурод Давлатзода.

Иқтисодчи Нуриддин Қаюмов айтишича, Тожикистонда ўртача пенсия 28 долларни ташкил қилади. Бу пулга кун кечириб бўлмайди, албатта, аммо пенсияларни лоақал минимал мантиқий кўрсаткичга етказиш учун давлат бюджетида маблағ йўқ, яқин орада бўлиши ҳам даргумон. Тожикистонда аксари кексалар четда меҳнат миграциясида юрган болалари ва набиралари жўнатиб турадиган пулга кун кечиришади.

“Бизда ҳатто академик ва олимларнинг ойлиги ҳам етмайди, сиз бўлса ойига 200 сомоний пенсияни сўрайсиз-а? Бу пулга нари борса ярим қоп ун беради холос. Бозордаги нарх-наво билан ижтимоий тўловлар миқдори ўртасида каттакон жарлик ҳосил бўлган”, дейди Қаюмов.

Тожикистонда пенсия ислоҳоти ўтказиш ҳақида ҳозирча гап-сўз йўқ. Шунингдек, пенсионерларнинг моддий аҳволини яхшилаш ёки фуқароларнинг ушбу тоифалари учун имтиёзлар жорий этиш бўйича давлат дастурлари қабул қилиниши ҳам кутилмаяпти.