Толибон ҳукумати уч ойдан бери маошсиз ишлаётган давлат хизматчиларига уларнинг ойликларини 20 ноябрдан бошлаб тўлаб беришни ваъда қилди. Давлат хизматчиларининг асосий қисми Толибон ҳукуматни босиб олган 15 августдан кейин юзага келган молиявий инқироз ортидан шу кунгача ойликларини ололган эмас.
“Биз 20 ноябрдан бошлаб ойликларни бера бошлаймиз. Уч ойлик иш ҳақи бирданига берилади”,-деди Толибон ҳукумати молия вазири Аҳмад Вали Ҳақмал Кобулда ўтган матбуот ажуманида.
Афғонистонда молиявий ва иқтисодий инқироз АҚШ ўз банкларида Кобулга қарашли бўлган 10 миллиард долларни музлатиб қўйгани ортидан кучайди. Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси ҳам Афғонистонга молиявий кўмак беришни тўхтатди.
Толибон ҳукуматни босиб олгунига қадар Афғонистон ҳукумати ҳаражатларининг 75 фоизи ғарбдаги донор давлатлар томонидан қопланар эди.
Молия вазирлигининг билдиришича, Толибон ҳукумати ўнгги ойларда 277 миллион доллар солиқ йиғишга муваффақ бўлган ва давлат хизматчиларининг ойликлари мана шу солиқ ҳисобидан берилади.