Афғонистонда ўтган йилнинг 15 августида ҳокимиятни босиб олган Толибон ҳукумати афғон учувчилари Ўзбекистонга қочиб ўтиш пайтида учириб кетган вертолётларни қайтариш бўйича Тошкент билан музокара олиб бормоқда.
Бу ҳақда хабар берган Tolo News Толибон ҳукумати собиқ афғон учувчилари ва расмийлари қўшни давлатларга 40 дан ортиқ вертолётни олиб қочгани тўғрисида баёнот берганини ҳам таъкидлади.
Туркиянинг “Анадолу” ахборот агентлиги эса Толибон ҳукумати матбуот котиби Иномулла Самангонийга таянган ҳолда, вертолётларни қайтариш бўйича музокаралар Ўзбекистондан ташқари Тожикистон билан ҳам олиб борилаётганини маълум қилди.
Хабарда билдирилишича, Толибон ҳукумати Ўзбекистон ва Тожикистонга вертолётларни қайтариш илтимоси билан мурожаат қилган, бироқ бу илтимосга шу кунгача жавоб берилмаган.
Толибон 2021 йил 15 августида Кобулга кирганидан сўнг Афғонистоннинг 22 та ҳарбий самолёти ва 24 та вертолёти Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтгани Бош прокуратура томонидан расман билдирилган эди. Бироқ орадан бир неча соат ўтгач Бош прокуратура бу баёнотига ўзи раддия билдирган.