Толибон ҳукуматининг мудофаа вазири Мавлавий Муҳаммад Ёқуб Мужоҳид: “Тожикистон ва Ўзбекистондаги бизнинг самолётларимиз қайтарилиши шарт. Биз бу самолётлар хорижда қолишига ва бу давлатлар томонидан фойдаланишига йўл қўймаймиз”, - деб баёнот берди.
TOLOnews сайтининг хабар беришича, Толибон вазири бу гапни 11 январда техник сабабларга кўра фойдаланилмай қолган бир нечта Россия самолётлари таъмирдан чиқарилиб, уларнинг парвози намойиш этилган тадбирда айтди.
Мавлавий Муҳаммад Ёқуб Мужоҳид агар Ўзбекистон ва Тожикистон самолётларни қайтармаса, “оқибатларига дучор бўлишлари”дан огоҳлантирди. Аммо вазир бу оқибатлар қандай бўлиши ҳақида тушунтириш бермади.
Толибон ҳукумати ўтган йилнинг 15 августида жаҳонда тан олинган Афғонистон ҳукумати қулатилганидан сўнг мамлакатдан қочган ҳарбийлар ўзлари билан Ўзбекистон ва Тожикистонга 40 та вертолётни олиб чиқиб кетганини билдирган. Бундан ташқари 164 та ҳарбий самолётдан 83 таси ҳам хориж давлатларига ҳарбийлар томонидан олиб чиқилган.
Толибон ҳукумати матбуот котиби Иномулла Самангоний 5 январда Ўзбекистон ва Тожикистон билан вертолётларни қайтариш бўйича музокаралар олиб борилаётганини маълум қилганди.
Толибон Кобулни эгаллаганидан сўнг 14-15 август кунлари Афғонистоннинг 22 та ҳарбий самолёти ва 24 та вертолёти Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтгани ҳақида хабар берилганди.