Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев халқаро ҳамжамиятнинг январь воқеалари бўйича халқаро тергов ўтказиш чақириғини рад этди. Мазкур воқеаларда камида 220 киши ҳалок бўлгани расман билдирилган.
Тоқаев 29 январь куни телевидение орқали қилган чиқишида Қозоғистон ҳукумати хориж давлатларининг ёрдамисиз ички тергов ўтказишга қодир эканини айтди. У яна бир бор “Қозоғистонга террорчилар ҳужум қилгани” тўғрисидаги баёнотини такрорлади.
Европа парламенти 20 январь куни бир овоздан “Қозоғистон халқига қарши содир этилган жиноятни тегишли тарзда халқаро тергов қилиш” талаб этилган резолюцияни қабул қилган эди. Тоқаев мазкур резолюцияни “нохолис ва ҳозирча керак бўлмаган” қарор деб атади.