Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги кўп қаватли уй хонадонда рўй берган ёнғинда 1950 йилда туғилган фуқаро ҳалок бўлди.
Пойтахт Фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот хизмати ахборотига кўра, 31 октябрь куни соат 02:13 да Чинобод МФЙ Сағбон 30-берк кўчасида жойлашган хонадонда ёнғин келиб чиққан.
Ёнғин-қутқарув экипажи зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, ёнғинни қисқа вақт ичида бартараф этган.
Ҳодиса оқибатида хонадоннинг тахминан 10 метр квадрат майдони ёниб зарарланган.
Хонадон вакиллари ёнғин оқибатида ҳалок бўлган 74 ёшли фуқаро инсульт хасталиги сабаб охирги йилларида тўшакка михланганини айтган. У ётоқ жойида тамаки чеккани сабаб ёнғин келиб чиққани тахмин қилинмоқда.
Xabar.uz нашрининг ёзишича, 29 октябрь куни соат 23:35 да Бухоро шаҳри Намозгоҳ маҳалласида жойлашган янги кўп қаватли уйда рўй берган портлашда ҳам инсоний талафот берилган.
6/3А-уйда газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши оқибатида келиб чиққан портлашда 14-хонадонда яшовчи фуқаро вафот этган, яна беш киши жароҳатланган.
Ҳодиса ортидан текширувда тўлиқ фойдаланишга топширилмаган кўп қаватли уйда бир неча оила яшаб келаётгани аниқланган.