Туркия ва Арманистон ўзаро муносабатларни яхшилаш жараёнини бошлади ва бу йўналишда ўз махсус вакилларини тайинлайди. Бу ҳақда Reuters Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғлига таянган ҳолда хабар берди.
Хабарда айтилишича, Мавлуд Чавушўғли 13 декабрь куни мамлакат парламентига берган ҳисоботида бу ҳақда гапириб ўтган. Чавушўғлига кўра, Арманистон билан алоқаларни яхшилаш масаласида Туркия Озарбайжон билан бамаслаҳат иш олиб боради ва ўз ҳаракатларини Боку билан ҳамкорликда мувофиқлаштиради. Шунингдек, вазир яқин кунларда Ереван ва Истанбул ўртасида авиапарвозлвр йўлга қўйилишини таъкидлади.
Арманистон ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Ваан Унанян Ереван Туркия билан муносабатларни яхшилаш учун махсус вакилини тайинлашга ва музокараларни ҳеч қандай шартларсиз олиб боришга тайёр эканини айтди.
Туркия ва Арманистон ўртасида айни пайтда дипломатик алоқа мавжуд эмас. Икки давлат чегараси 1993 йилдан бери ёпилган.
Арманистон Туркияда арманлар 1915-16 йилларда геноцид қилинганини иддао қилиб келади. Туркия арманларни геноцид қилганини 33 давлат тан олган. Туркия эса бу айбловни инкор этиб келмоқда.
2009 йилда Туркия ва Арманистон ўртасида муносабатларни қайта тиклаш ва чегараларни очиш бўйича тинчлик шартномаси имзоланган. Аммо мазкур шартнома мамлакат парламентлари томонидан ратификация қилинмаган.