Украина президенти Владимир Зеленский 19 январь куни мамлакат фуқароларига қилган видеомурожаатида Россиянинг ҳужум қилиш хавфи олдида ватандошларини саросима тушмасликка чақирди. Зеленский ўз сўзида уруш бошланмаслигига юракдан ишонишини айтди.
Сиёсатчига кўра, Россиянинг ҳарбий истилоси 2014 йилдаёқ бошланган ва кенг кўламли уруш таҳдиди “кеча бошланган эмас”. Унинг айтишича, таҳдид кўлами кенгайгани йўқ, бироқ Москва Украина ерига ҳужум қилиш ўрнига украиналикларнинг “асабига ҳужум қилмоқда”.
“Фуқароларимизнинг барчаси, айниқса ёши катталар буни тушуниши лозим. Нафасни ростлаб, тинчланиш керак. Гречка ва гугурт ғамлаш учун чопиш керак эмас. Нима қилайлик, дейсизми? Фақат битта нарса: хотиржамликни сақлаш, совуққон бўлиш, ўз кучи, армияси, Украинамизга ишончни сақлаш керак”, деган Зеленский.
Зеленскийнинг мурожаати Россия армиясининг Украина ерларига кенг кўламли ҳужум бошлаши мумкинлиги ҳақида дипломатик ва разведка манбалари очиқлаган кўплаб маълумотлар манзарасида ёйинланди. Кремль урушга ҳозирлик кўрилаётганини қатъиян рад этмоқда, бироқ зиддият ҳудудига қўшин тортишда давом этиб, бунга ўзининг қонуний ҳаққи борлигини урғулаяпти.