БМТ, Россия ва Сурия Думага юборилган мутахассислар хавфсизлигини муҳокама қилмоқда

Россия ҳарбийлари Думада вайрон этилган биноларни назорат қўриқламоқда

БМТ ходимлари Сурия ва Россия расмийлари билан Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти (OPCW) экспретлари Дума шаҳрига кира олиши учун уларнинг хавфсизлигини таъминлаш масаласида музокаралар ўтказмоқда.

Бу ҳақда ташкилот расмийлари билдирди.

17 апрелда Суриянинг БМТдаги элчиси Башар Жаъфарий ташкилот экспертлари Дума шаҳрига киритилганини билдирган эди:

- Сурия ҳукумати ташкилот экспертларнининг фактларни аниқлаш бўйича фаолиятини енгиллаштириш учун барча имкониятларни яратиб кўмак кўрсатди ва 17 апрель Дамашқ вақти билан соат 15 да экспертлар Дума шаҳрига кириб борди, - деганди Башар Жаъфарий.

Аммо Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти директори Аҳмет Узумжу Думага вазиятни баҳолаш учун Думага борган БМТ хавфсизлик мутахасисслари ўққа тутилганини билдирди.

AFP хабар агентлиги БМТнинг хавфсизлик департаменти тез орада келишувга эришилишига умид қилаётгани ҳақида хабар қилди.

7 апрелда Суриянинг Дума шаҳрида кимёвий ҳужум содир этилгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлган эди.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти Думада кимёвий қурол қўлланиши оқибатида оқибатида 43 киши “юқори даражадаги кимёвий токсик бомбадан” заҳарланиш симптомларидан ўлгани ҳақида билдирган.

Бунга жавобан АҚШ, Франция ва Буюк Британия ҳарбийлари 14 апрель куни Сурия ҳукуматига қарашли нуқталарга ҳаводан ҳужум уюштирди.

АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан амалга оширилган ҳаво ҳужумлари Сурияда етти йилдан буён давом этаётган қонли урушда президент Башар Асад ҳукуматига қарши Ғарб кучлари томонидан берилган энг кучли зарба бўлди.

Ғарб давлатлари Сурия ва унинг ҳамкори Россия Думага мутахассислар киришига атайин тўсқинлик қилаётгани, бундан мақсад далилларни ўзгартириш эканини айтмоқда.

Дамашқ ва Москва иддаосига кўра, кимёвий ҳужум ҳақидаги хабарлар уйдирмадир.

Узумжу БМТ мутахассислари Дамашққа етиб боргани, аммо уларнинг хавфсизлиги таъминланмас экан Думага кирмаслигини айтди.

- Айни дамда гуруҳ қачон Думага юборилишини билмаймиз, - деди у.

Узумжу БМТ гуруҳи 17 апрелда Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти мутахассислари сафаридан олдин развдека қилиш режалаштирилгани, аммо экспертлар ҳужум амалга оширилган биринчи жойга борган пайтда уларни оломон қуршаб олгани ва шу сабаб улар кетишга мажбур бўлгани, иккинчи жойда эса уларга қарата ўқ отилганини айтди.

Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти директори Узумжу кимёвий ҳужум амалга оширилгани тахмин қилинаётган икки ҳудудни Россия ҳарбийлари бошқараётганини айтди.

АҚШ мудофаа вазири Жим Мэттис эса Сурия ҳукуматини мутахассислар ташрифини айтайин кечиктиришда айблади.

Вазир Сурия ҳукумати бундан аввал ҳам бир неча марта терговчилар ташрифидан олдин далилларни “тозалаганини” қўшимча қилди.

18 апрель куни кеч АҚШ Давлат департаменти Суриядаги кимёвий ҳужум учун Россияни айблаб навбатдаги билдирувни эълон қилди.