Эндиликда Боёвутда ҳоким кенгаш раҳбари бўлмайди. Туман ҳокими Дилфуза Уралова 8 февраль куни халқ депутатлари Боёвут тумани кенгаши сессиясида кенгаш раислиги ваколатини депутатларга топширгани тўғрисида ҳокимлик матбуот хизмати хабар берди.
Дилфуза Уралова Ўзбекистонда кенгаш раиси ваколатини депутатларга топширган илк ҳоким бўлди. Ҳокимнинг сессияда сўзлаган нутқидан бу шахсий ташаббус эмаслиги англашилади.
Уралова ўз сўзида: “Тажриба тариқасида Боёвут туманида маҳаллий кенгаш раиси депутатлар орасида сайланади”,- деб айтган.
У нутқи давомида яқин орада туманга президент келишини айтган ва “Эртага сизлар билан учрашади, ҳокимни алоҳида, кенгашни алоҳида қилиб бераман дейди, сизларни фаолликларингни назорат қилади энди. Эртага сенаторлар, доимий ишлайдиган депутатларга шароит қилиб берамиз, ойлик оласиз. Депутатлар Боёвутда фаол бўлгани учун ҳам айнан шу ердан бошлашаяпти”,-деб билдирган.
Ўзбекистонда 2019 йилдан бери ҳокимларнинг халқ депутатлари кенгаши раиси сифатидаги мақомини бекор қилиш бўйича гапирилиб келинади. Аммо шу кунгача бу борада бирорта амалий иш бўлгани кузатилмаган.