“Устимизга жаллодларни юборишди”. Жанаўзен воқеалари гувоҳларининг хотиралари (ВИДЕО)

Акасини излаб кўчага чиққанида ўқдан яраланиб, қанча уқубатларни бошидан кечирган қиз. Тутқунликда кўрган қийноқлардан бедаво дардга чалиниб, вафот этган ўғлининг дардини унута олмаётган кекса она. Иш ташлаш фаолларидан бири бўлгани учун беш йил қамоқ жазосини ўтаб чиққан, тортган азоблари ҳақида бировга гапиришни хушламайдиган аёл.

Озодликнинг қозоқ хизмати мухбири Жанаўзенда бўлиб, 2011 йилдаги фожиали воқеалар жабрдийдаларининг хотираларини ёзиб олди.

“Қўрқув ва даҳшат билан эслайман”

2011 йил 16 декабрь куни Жанаўзен турғуни, 23 ёшли Гулмира Кангараева акасини қидириб, шаҳар майдонига чиқади. Қайрат Кангараев меҳнат шароитини яхшилаш талаби билан етти ойдан бери майдонда турган нефтчилардан бири эди.

Мамлакат мустақиллигининг 20 йиллигини нишонлаган кун Гулмира ва бошқа кўплаб жанаўзенликлар ҳаётида оғир из қолдирди. Ўша куни Гулмира қуролсиз одамлар шафқатсизларча отиб ташланганини ўз кўзи билан кўрди.

“Туғруқхона тарафдан чиқиб келган полициячилар бирдан ўқ ёғдиришди. Одамлар йиқила бошлади. Қочмоқчи бўлган эдим, оёғимга ўқ тегди. Эсанкираб қолдим. Атроф тўс-тўполон эди. Қарасам, оёғим қонга ботган. Қочиб бораётган оломондан бир неча киши йўл-йўлакай мени суяб олди. “Йиқилма, қиз, сен юришинг керак”, деб қичқирди улардан бири”, дея ҳикоя қилади илк бор журналист билан бу мавзуда очиқ сўзлашишга журъат этган Гулмира.

Гулмира Кангараева

У янгиликларда воқеа “Жанаўзенда одамлар полицияга тош ва Молотов коктейлларини ёғдирди”, дея талқин қилинганида эсанкираб қолганини айтади.

“Полиция ўққа тутганини кўрдим. Ҳеч ким улар устига бостириб боргани, тош ёки ёқилғи солинган шишаларни отгани йўқ. Полициячилар саф тортганча ўқ узиб келишди ва ярадорларни ўлдириб, ўзларига йўл очишди”, хотирлайди Гулмира Кангараева.

Ўша куни одамлар уни бир йўловчи машинада касалхонага элтишибди.

“Машина ярадорларга тўла эди. Касалхонадаги аҳволни эса тасвирлашга тил ожиз. Ҳаммаёқда ярадорлар, жасадлар. Поллар қонга беланган. Тиббий ходимлар етишмасди”, давом этади Гулмира.

Врачлар унинг ўқ пора қилган болдир пайларини тикиб, уйига жавоб беришади, чунки шифохонада бўш ўрин йўқ эди.

Ўшандан бери ҳукумат Гулмирага икки марта 500 минг тангадан ёрдам пули берди холос. Жанаўзен воқеалари чоғида жароҳат олганлар расмий рўйхатида фамилияси йўқлиги учун у имтиёзлардан маҳрум.

Бошқа нефтчилар билан бирга иш ташлашда қатнашган акаси Қайрат эса ўша воқеалардан сўнг кўп яшамади – 2012 йил февралида вафот этди. Хотини уч бола билан қолди. Бева аёл неча йил югуриб, ниҳоятда яқинда эри ишлаган нефть ширкатига ишга жойлашди.

Гулмира икки фарзанди ва онаси билан ижарада яшамоқда. Қалб жароҳатларини ҳам, тан яраларини ҳам ўзи даволаяпти.

“Ўша воқеаларни ҳамон қўрқув ва даҳшат билан эслайман. Қонли манзаралар сира кўз олдимдан кетмайди”, дейди у.

Она йиғиси ва фаолнинг изтироблари

75 ёшли Онайгул Дўсмагамбетова ўғлининг қабри бошида уввос солиб йиғлайди. Жанаўзен воқеалари бу оилага оғир мусибат келтирди.

Онайгул опанинг ўғли, нефтчи Мақсад Дўсмагамбетов 2012 йилда Жанаўзенда “оммавий тартибсизликлар ташкил қилиш”да абланиб, 6 йилга қамалди. Уни оғир ташхис билан муддатидан олдин озод қилишди. Мақсад 2018 йилда юз суяги саратонидан 36 ёшида вафот этди. Яқинлари онкологик хасталикни унинг тергов чоғида қийноққа солингани асорати деб биладилар. Мақсад 2012 йилда, суд жараёни бўлаётган вақтда изоляторда маҳбусларга нисбатан қийноқлар қўлланаётгани ҳақида биринчи бўлиб оммага айтган эди. Экспертиза унинг қовурғалари ва бош чаноғи синганини кўрсатди.

Онайгул опанинг яна бир ўғли Қайрат Жанаўзен воқеалари чоғида ўқдан яраланганидан сўнг 26 марта амалиёт қилинди. У кўп йиллардан бери маҳаллий маъмурлардан иш сўраб келади.

Роза Тулетаева – Жанаўзен воқеалари бўйича судланган ягона аёл. Уни етти йилга “кесишган” эди, беш йилдан сўнг муддатидан аввал озод қилишди.

2012 йилда Тулетаева полициячилар уни сочидан осиб қўйишганини судда баралла айтган эди. У ўшанда узилиб тушган сочларини сақлаб қўйган. Роза ўзини ва Мақсад Дўсмагамбетовни қийноққа солганларнинг исмларини билади, аммо айтишдан маъно кўрмайди – буни исботлашнинг иложи йўқ, дейди. Шунингдек, қийноқлар ҳақида гапиришни ҳам хоҳламайди.

Мақсад Дўсмагамбетов дафн қилинган Танга қишлоғи қабристонида Жанаўзен воқеаларининг яна бир қурбони – Александр Боженконинг ҳам мозори бор.

Роза Тулетаева Александр Боженко қабри ëнида

Боженко уни нефтчиларга қарши кўрсатув беришга мажбур қилишгани ҳақида судда очиқ айтганидан сўнг сирли равишда вафот этган. Ўшанда йигитча қандай қийнашганини сўзлаб бераркан, йиғлаганча барча судланувчилардан кечирим сўраганди.

“Устимизга жаллодларни ташлашди. Жаллодлар қўли билан бизни уришди, ўлдиришди. Боженкони худо раҳмат қилсин. Вақт ҳали ҳамма нарсани жой-жойига қўяди. Менинг бошимдан ўтган даҳшатлар фарзандини йўқотган оналарнинг азоблари олдида ҳеч нарса эмас”, дейди Роза Тулетаева.

“Бу жиноятни фош қиламиз”

2011 йил 16 декабрь куни полиция ўқидан яраланганлардан бири – Нурлибек Нургалиев ўша жиноятларни фош этишни ва айбдорларни жазога тортишни ўз бурчи деб билади.

“Бизга қанча одам қарши чиқса ҳам, бу жиноятларни фош қиламиз”, дейди у ишонч билан.

Нурлибек Нургалиев

Муратбой Жумагалиев исмли бошқа бир нефтчига кўра, халқ бирлашиб, Жанаўзен воқеалари бўйича қайта тергов ўтказилишини ҳукуматдан талаб қилиши керак.

Расмий маълумотларга кўра, 2011 йилнинг 16 ва 17 декабрь кунлари Жанаўзенда полиция ўқидан 17 киши ўлиб, 100 га яқин одам яраланган. Жанаўзен воқеалари бўйича жами 37 киши “оммавий тартибсизликлар уюштириш” моддаси билан жиноий жавобгарликка тортилган бўлиб, улардан уч нафари оқланган, 21 киши шартли муддат олган. 13 киши 3 йилдан 7 йилгача ҳақиқий қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Беш нафар полициячи “мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш”да айбланиб, 5 ва 6 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди. Уларнинг барчаси кейинчалик муддатидан олдин қамоқдан бўшатилди.

Маҳаллий ва халқаро ҳуқуқбонлик ташкилотлари ҳамда қатор Ғарб давлатлари қозоқ полициясининг Жанаўзендаги хатти-ҳаракатларини кескин қоралаб, ҳукуматдан адолатли тергов ўтказиб, хунрезлик айбдорларини жазога тортишни талаб қилишди. Жорий йилда Қозоғистондаги бир неча инсон ҳақлари ташкилоти яна бир бор ушбу талабни илгари сурди. Бироқ расмийлар ҳуқуқбонлар ва фаолларнинг талабларини инкор этиб, “Жанаўзен ҳақиқати батамом очилган”ини иддао қилиб келади.