Президент ваъдаси: Импорт автомобиллар учун бож 2 баробарга қисқартирилади

Тошкентдаги UzAuto Motors офиси.

Президент Шавкат Мирзиёев 14 февраль куни автомобиль саноатига бағишланган видеоселектор йиғилишида Вазирлар Маҳкамасига уч кун ичида хориждан Ўзбекистонга импорт қилинаётган автомобиллар учун бож тўловини ҳозирги 30 фоиздан 15 фоизга тушириш тўғрисидаги қарор лойиҳасини тайёрлаш юзасидан кўрсатма берди.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, соҳа раҳбарларига 2022 йилда таннархни камида 5 фоизга камайтириш, 100 миллион долларлик импорт ўрнини босиш, 23 лойиҳа доирасида 600 турдаги бутловчи қисмларни ўзлаштириб, маҳаллийлаштиришни 48 фоиздан 56 фоизга ошириш вазифаси қўйилди.

Бундан ташқари 336 миллион долларлик инвестицияларни ўзлаштириб, Tracker, Onix ва янги двигателлар ишлаб чиқариш топшириғи берилди.

1 майгача автомобиль харидидаги навбатларни тўлиқ бартараф этиш, UzAuto Motors автомобиллари учун олдиндан тўлов миқдорини 85 фоиздан 50 фоизгача пасайтириш лозимлиги таъкидланди.