Kонверсион картага қўйилган чекловлар олиб ташланди. Нақд доллар сотиш ҳаққи яна “қора бозор”да қолди

Ўзбекистон Марказий банки бош идораси.

Ўзбекистон Марказий банки президентнинг аҳолига “конверсион карталарни чет элда ҳеч қандай чекловларсиз ишлатиш ҳуқуқи бериш” ҳақидаги фармони ижроси ниҳоят таъминланганини билдирди. “Валютанинг нақд кўринишда сотилиши, албатта, жорий этилиши”ни билдирган банк раиси ўринбосари¸ айнан қачонлигини айтмади. Озодлик гаплашган таҳлилчилар¸ аҳолига нақд доллар сотиб олиш ҳаққини беришни пайсалга солиш ортида¸ йиллар давомида валюта қора бозорини назорат қилиб келган қудратли гуруҳлар манфаати турганини айтади.

Ўзбекистон Марказий банки раиси ўринбосари Ботир Зоҳидов 6 декабрь куни “Халқ сўзи” газетасига берган интерьвюсида:

- эндиликда хорижда банкоматлар орқали чекланмаган миқдорда нақд чет эл валютасини ечиш имконияти яратилди. Мавжуд кунлик ва ойлик чекловларнинг барчаси бекор қилинди. Яширишнинг ҳожати йўқ, илгари конверсион карталардан фойдаланишда айрим мамлакатлар ва хизматлар учун тақиқ қўйилганди. Ҳозирги пайтда бу чекловлар ҳам олиб ташланиб, ушбу карталар орқали дунёнинг исталган мамлакатида савдо дўкони, меҳмонхона, умуман, тўлов қабул қилиш имкони мавжуд бўлган нуқталарда олди-сотди ишларини амалга ошириш мумкин¸ дея баëнот берди.

Марказий банк матбуот хизмати 5 декабрь куни эълон қилган “Чет эл валютаси олди-сотдиси бўйича банк хизматлари оммабоплигини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида” деб номланган хабарда ҳам “Ўзбекистон Республикасининг резиденти бўлган жисмоний шахсларга чет эл валютасини тижорат банкларининг конверсион бўлимларидан сотиб олиш ва чет элда ҳеч қандай чекловларсиз ишлатиш ҳуқуқи берил”гани алоҳида таъкидланди.

Кетма-кет пайдо бўлган бу баëнотлардан мақсад¸ аҳолига янги-янги банк хизматлари пайдо бўлаëтганини тушунтиришдир. Масалан¸ бугун хорижда ўқиëтган боласига ëки чет элга савдо ëки даволанишга кетган яқинига пул жўнатмоқчи бўлганлар¸ банк ҳисобидаги сўмини курс бўйича долларга айлантириб конверсион картага ташлаб¸ исталган давлатига юбориши¸ пул аталган шахс эса уни хоҳлаган валютасида чиқариб олиши мумкин. Конверсион карта очиш учун паспортдан бошқа ҳужжат керак эмас. Карта очиш тўловини тўлайсиз¸ бўлди. Конверсион картага ташланадиган долларни сотиб олишга¸ уни четда ишлатишга ҳеч қандай чеклов йўқ”¸ деди Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон банк тизими ходимларидан бири.

Аҳолига нақд валюта сотиш тақиқи кучда қолмоқда

Ўзбекистон президентининг 2 сентябрь кунги фармонига асосан¸ мамлакатда юридик ва жисмоний шахслардан чекланмаган миқдорда валюта сотиб олишга рухсат берилди¸ аммо аҳолига нақд валюта сотишга изн берилмади.

Бу чеклов мустақил таҳлилчилар томонидан Ўзбекистонда эркин эмас¸ қисман конвертацияга ўтилди¸ дея баҳоланди ва танқидга учради.

Мазкур чекловнинг қачон олиб ташланиши ҳақдаги саволга жавоб берган Марказий банк раиси ўринбосари:

- валютанинг нақдсиз сотилиши ислоҳотлар аввалида чайқовчилик босимини, хорижий валютада амалга оширилаётган амалиётларнинг олдини олишга қаратилган вақтинчалик чорадир. Орадан бир оз фурсат ўтгач, валюта бозорининг барча иштирокчиси янги шароитга кўникиб, мувозанат ҳосил бўлгач, валютанинг нақд кўринишда сотилиши, албатта, жорий этилади, деди. Аммо “албатта, жорий этиладиган бу жараëннинг айнан қачон жорий этилишини айтмади.

Ўзбекистон банк тизими расмийси Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда¸ бундай очишнинг пайсалга солинаëтганини изоҳлашга уринди.

Марказий банк прогнози бўйича¸ мамлакатда айланиб юрган 100 долларнинг фақат 30-35 доллари банкка қайтиб тушаяпти. Дейлик¸ гастарбайтер Ўзбекистонга 100 доллар юбораëтган бўлса¸ шунинг фақат 30-35 доллари банкка тушаяпти. Аҳолига тушаëтган нақд доллар миқдори билан банкка тушаëтгани ўртасида ана шундай катта номутаносиблик бор. Одамлар чўнтагидаги¸ ëстиғининг тагидаги долларини сотмаса¸ биз уни мажбурлаб ололмаймиз! Бунинг учун банкларга ишонч шаклланиши керак. Ана шу номутаносиблик нақд доллар сотишни кечиктираëтган сабаблардан бири”¸ дейди Озодлик суҳбатдоши.

“Асосий сабаб – қора бозор хўжайинлари”

Озодлик суҳбатлашган Ўзбекистон молия тизими мутахассисларидан яна бири¸ бундай изоҳни ножиддий деб баҳолади.

Бундай пайсалга солиш ортида бир қатор сабаблар борлигини тахмин қилишини билдирган бу мутахассис¸ асосий сабабни қора бозор орқасида турганлар босимидан излаш кераклигини айтади.

Юридик ва жисмоний шахсларнинг доллар сотиш ва сотиб олиш эҳтиëжида номутаносиблик бўлса¸ буни бозор ўзи мувозанатга солади. Доллар оламан деган кўп бўлса унинг курси кўтарилади¸ сотаман деганлар кўпайса¸ курс тушади. Бутун дунëда валюта конвертацияси ана шу қонун асосида ишлайди¸ янгидан велосипед ихтиро қилишнинг кераги йўқ. Мен нақд доллар савдосига рухсат берилмаëтганининг асосий сабабини қора бозор эгаларидан қидирган бўлардим. Ўзбекистон ҳокимиятининг энг тепасида ўтирган қудратли шахс ва гуруҳлар 26 йил давомида эркин конвертация йўқлигидан миллиардлаб доллар фойда қилди¸ бу бозор ва унинг эгалари таъсири президентнинг биттагина фармони билан йўқ бўлгани йўқ. Бугун ҳам одамлар доллар олиш учун қора бозорга бормоқда¸ зотан ҳукумат бу чеклов билан қора бозор умрини ўзи узайтириб берди. Нақд доллар сотишга рухсат йўқлиги ана шу гуруҳлар босими маҳсули. Бундай чекловни сақлаб қолишнинг бошқа объектив молиявий сабабини мен кўрмаяпман”¸ дейди ўзбекистонлик молиявий таҳлилчи Озодлик билан суҳбатда.

Марказий банк ëйинлаган хабарга кўра¸ “тижорат банкларининг валюта айирбошлаш шохобчаларига кунига ўртача 35 - 40 минг нафар жисмоний шахс мурожаат этмоқда. Республика бўйлаб фаолият юрғизаëтган 900 дан ошиқ шохобчада ўтган 3 ой давомида жисмоний шахслар томонидан 727 миллион АҚШ долларидан зиёд маблағ сотилган; тижорат банкларининг конверсион бўлимлари орқали аҳолига чет эл валютаси сотилиши миқдори қарийб 34 миллион долларни ташкил қилган.

Аҳолидан нақд доллар сотиб олиш билан унга нақдсиз доллар сотиш ўртасидаги фарқ¸ расмий рақамларга таянилса¸ 21 баравардан кўпроқни ташкил этади.