“Ўзбекистон” нашриёт-матбаа уйи директори ҳибсга олинди

Жорий йил 21 июнь куни Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан "Ўзбекистон" нашриёт-матбаа ижодий уйи директори Зоир Исажонов ҳамда нашриётнинг яна 11 нафар ходими ҳибсга олингани айтилмоқда. Манбалар иддаосига кўра, мамлакатдаги энг йирик нашриёт-матбаа уйи ходимлари катта миқдордаги талон-тарожлик ва коррупцияда айбланмоқда.

Нашриёт уйининг исмини очиқламасликни сўраган муҳаррири Озодлик билан суҳбатда иддао қилишича, Зоир Исажонов ва у бирга ҳибсга олинган ўндан зиёд одамга нисбатан Жиноят кодексининг 167-, 205- ҳамда 209-моддалари билан жиноят иши очилган:

“Ҳозирда нашриёт-матбаа уйида Ўзбекистон Молия вазирлиги назорат тафтиш бошқармаси, Бош прокуратура ва СНБ тафтишчиларидан иборат катта гуруҳ иш олиб боряпти. Дастлабки маълумотларга кўра, директоримиз Зоир Турсунбоевич бошчилигидаги жиноий гуруҳ бир неча миллиардлик давлат маблағларини ўзлаштиргани аниқланган. У киши Тоштурмада ўтирибди” дея иддао қилади нашриёт уйи муҳаррири.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

“Ўзбекистон” нашриёт-матбаа уйи директори ҳибсга олинди

Манба маълумотига кўра, нашриёт уйи маъмурияти давлат буюртмалари учун сарф-харажатлар сметасини сунъий равишда ошириб кўрсатиш йўли билан давлат бюджетига катта миқдорда зарар етказганликда айбланмоқда.

“Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи матбаачилик соҳасига ихтисослашган энг йирик корхона бўлиб, мамлакат ҳукуматининг идеологик адабиётлари, тарғибий матбаа маҳсулотларини чоп этади.

Шу йилнинг дастлабки ярим йилида бу ерда сифатли қоғоз ва матбаа хомашёси асосида олти юз номдан ортиқ дарслик, ижтимоий-сиёсий, адабий-бадиий китоблар, альбомлар, турли босма маҳсулотлари, эллик номдан ортиқ газета ва журнал чоп этилган.

“Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи қабулхонаси ходимаси Исажоновнинг бир неча кундан бери ишга келмаётганини таъкидлаш билан чекланди.

Зоир Исажонов ўтган йили қизининг никоҳ тўйидан олинган видео орқали ижтимоий тармоқларда танилган.

Исажонов қудаси таниқли хонанда Дилфуза Исмоилова билан бирга тўйга оққуш, товус ва кабутарлардан пиширилган таомлар тортган.

Айрим иддаоларга кўра, ушбу дабдабали тўйдан сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Зоир Исажоновнинг корхонасини ўтган йили ҳам қаттиқ тафтиш қилган, аммо у жавобгарликдан қутулиб қолган.