Маъмурий жиҳатдан Ўзбекистонга қарашли қишлоқда Тожикистон мактаб қурди

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида баҳсли ҳудуд бўлиб қолаётган Сарбанд қишлоғида тожик ҳукумати томонидан қурилган мактаб 26 апрелдан бошлаб ўқувчиларни қабул қила бошлади.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида баҳсли ҳудуд бўлиб қолаётган Сарбанд қишлоғида тожик ҳукумати томонидан қурилган мактаб 26 апрелдан бошлаб ўқувчиларни қабул қила бошлади. Сўғд вилояти Спитамен тумани расмийларининг билдиришича, асосан ўзбеклар ва озроқ тожиклар яшайдиган бу қишлоқдаги биринчи тожик мактабининг қурилиши ўтган йилнинг декабрида бошланиб, шу йилнинг март ойида якунланган.

Ўзбекистоннинг Бекобод шаҳри ва Тожикистоннинг Спитамен тумани чегарасида жойлашган Сарбанд қишлоғи аҳолисининг асосий қисми ўзбеклардир. Шунинг учун бу ерда шу кунгача фақат ўзбек мактаби мавжуд эди. Бу мактабдаги ўқув жараёни Ўзбекистон Маориф вазирлиги белгилаб берган дастурлар асосида олиб борилади. Мактаб ўқитувчиларига ойлик маош ҳам Ўзбекистон бюджетидан тўланади.

Бу қишлоқ Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида баҳсли бўлиб турган ҳудуд ҳисобланади. Тожикистон томони Сарбанд қишлоғини ўзига қарашли ҳудуд деб билади, бироқ бу қишлоқ маъмурий жиҳатдан Ўзбекистонга бўйсунади. Қишлоқ аҳолиси эса бундай ноаниқликдан мунтазам равишда турли қийинчиликларга дуч келмоқда.

26 апрель куни баҳсли ҳудудда тожик мактабининг очилиш маросимида иштирок этган Сўғд вилоят ҳокими Абдураҳмон Қодирий мактаб маҳаллий аҳоли ташаббуси билан очилганни айтди. Унга кўра, мазкур мактаб Тожикистон Маориф вазирлиги белгилаб берган дастур асосида таълим беради.

Сўғд вилоят Спитамен туман халқ таълими бўлими бошлиғи Баҳодир Тўрабоев Озодлик радиоси тожик хизматига берган суҳбатида, маъмурий жиҳатдан Ўзбекистонга бўйсунадиган Сарбанд қишлоғидаги тожик болалари мактаб барпо этилгунига қадар 5 километр наридаги мактабга бориб ўқишга мажбур бўлганликларини айтди. Унга кўра, қишлоқда тожик тилидаги мактаб бўлмагани сабабли 90дан ортиқ тожик болалари Ўзбекистон Маориф вазирлиги белгилаб берган дастур асосида ўзбек мактабида ўқишга мажбур бўлиб келган.

Баҳодир Тўрабоевнингг айтишича, тожик мактбаи очилиши муносабати билан ўзбек мактаби ўз ўқувчиларининг 70 фоизидан ажараб қолган. Бу ўқувчилар тожик тилидаги мактабга ўқишга ўтиб кетган.

Сўғд вилояти ҳокимиятининг айтишича, Ўзбекистон билан баҳсли бўлиб турган ҳудудда тожик мактаби қурилиши учун Тожикистон ҳукумати 2 миллион 800 сомони, яъни 354 минг доллар маблағ ажратган.

Ўзбекистоннинг “Фарход” ГЭСидан унча узоқда бўлмаган бу қишлоқда тожик расмийлари 2015 йилнинг 1 декабрида тожик тилида ўқитиладиган мактаб қурилишининг тамал тошини қўйиш маросимини ўтказган эди.

“Фарход” ГЭСи ва Сарбанд қишлоғи ўтган асрнинг 50- йилларида қурилган бўлиб, стратегик муҳим объектлардан бири ҳисобланади. Бу объектлар Ўзбекистондаги минглаб гектар қишлоқ хўжалик ерларини сув, аҳолини ва ишлаб чиқариш корхоналари эса электр энергияси билан таъминлайди.

Совет Иттифоқи парчаланганидан сўнг “Фарход” ГЭСи Ўзбекистон назоратида қолган. ГЭС яқинидаги қишлоқларга эса Ўзбекистон божхоначилари ва чегарачилари ўз ўтказиш пунктларини ўрнатган эди. Бироқ 2002 йилда Тожикистон мазкур ҳудуддан чегара ва божхона пунктларининг олиб ташланишига эришган. Тожик расмийларига кўра,бугунги кунда маъмурий жиҳатдан Ўзбекистонга бўйсунадиган қишлоқ Тожикистон томонидан назорат қилинмоқда.