Беларуслик енгил атлетикаси Кристина Тимановская Токиодан Вена шаҳрига учиб кетди. У авторитар ҳукумат томонидан жазоланишидан хавфсираб, Токиодаги Олимпия ўйинларидан ватанига қайтиб боришдан бош тортган эди.
Спортчига Польша гуманитар виза бергани сабабли у Варшавага учиб кетиши кутилганди. Тимановская Австрияда қоладими ёки у ердан Польшага йўл оладими — ҳозирча аниқ эмас.
Austrian Airlines рейси Токиодаги Нарита халқаро аэропортидан маҳаллий вақт билан соат 11:05 да ҳавога кўтарилган ва, парвозларни кузатувчи flightaware.com онлайн-ресурсига кўра, соат 16:05 да Венага қўниши керак.
Тимановская 2 август куни Польша элчихонасига яширинган. Бу Беларусь терма жамоаси мутасаддилари уни Минскга қайтишга мажбурламоқчи бўлганидан сўнг юз берган. Аввалроқ Тимановская AP агентлигига мулозимлар мамлакат раҳбариятини очиқча танқид қилгани учун “у уйга қайтганидан сўнг албатта жазоланишига шама қилишган”ини маълум қилган эди.
Беларуснинг Олимпиададаги делегацияси раҳбари Дмитрий Довгалёнок бу борада изоҳ беришдан бош тортди, дея хабар қилган АР агентлиги.
Бундан олдин Беларусь Миллий олимпия қўмитаси давлат ахборот агентлигига вазиятни кузатиб бораётгани ва Тимановскаянинг баёнотлари юзасидан текширув бошлаган Халқаро олимпия қўмитаси билан ҳамкорлик қилаётганини билдирган.