Халқаро олимпия қўмитаси Александр Лукашенконинг катта ўғли Викторни Беларусь Миллий олимпия қўмитасининг янги президенти сифатида тан олмади. Бу ҳақда ХОҚнинг 8 март куни ёйинланган хабарномасида айтилган.
Шунингдек, халқаро қўмита Хоккей федерацияси президенти Дмитрий Басковни ҳам Беларусь Миллий олимпия қўмитаси ижроия қўмитаси аъзоси ўлароқ тан олган эмас. Александр Лукашенконинг мухолифлари Басковнинг минсклик Роман Бондаренко ўлимига алоқаси бўлиши мумкинлигини айтиб келадилар.
Виктор Лукашенко Беларусь Миллий олимпия қўмитасига шу йилнинг 26 февралида президент этиб сайланганди. Ундан аввал бу лавозимни 1997 йилдан буён отаси Александр Лукашенко эгаллаб келган.
Халқаро олимпия қўмитаси бу галги қарори унинг ўтган йил охирида Беларусга нисбатан киритган чекловлари билан боғлиқ бўлиши мумкин. 2020 йил декабрида ХОҚ Беларусь Миллий олимпия қўмитаси ўз спортчиларини сиёсий дискриминациядан ҳимоя қилмаган, деган қарорга келганди. Ўша пайтда ХОҚ Александр ва Виктор Лукашенколарнинг Токиодаги Олимпиадага боришини тақиқлаб, Беларусь МОҚни молиялаштиришни тўхтатиб қўйганди.
Беларусда ўтган йил 9 августидаги президент сайловидан сўнг мамлакат Марказий сайлов комиссияси Александр Лукашенкони сайлов ғолиби, деб эълон қилган ва бунинг ортидан мамлакатда оммавий норозилик намойишлари бошланиб кетганди.
Мазкур сайловда кенг кўламли сохталаштиришларга йўл қўйилганини иддао қилган намойишчилар олти марта президентлик курсисини эгаллаган Лукашенконинг истеъфога кетиши ҳамда қайта сайлов ўтказилишини талаб қилишган.
Беларусдаги хавфсизлик кучлари намойишларни бостириш чоғида камида беш киши нобуд бўлгани, минглаб намойишчини қўлга олгани, юзлаб одам жабрлангани, тергов ҳибсхоналарида қийноққа солингани ва таҳқирлангани айтилади. Ҳуқуқ фаолларига кўра, шу кунгача 30 мингдан зиёд беларуслик қатағонга учраган, мамлакат расмийлари ўз мухолифларига қарши 900 дан зиёд жиноят иши очганлар.
Европа Иттифоқи давлатлари ва АҚШ Беларусдаги президент сайловини “легитим” дея тан олмаган. Европа парламенти мамлакатда тинч намойишларнинг аёвсиз бостирилишини қоралаган резолюцияни қабул қилган, беларуслик қатор амалдорларга қарши санкциялар жорий этилган.