ЕИ Москвани чечен расмийлари томонидан ўғирланган судьянинг рафиқасини озод қилишга чақирди

Зарема Мусаева

Европа Иттифоқи Россия расмийларини Чеченистон Олий суди собиқ судьяси Сайди Янгулбаевнинг хотини Зарема Мусаевани озод қилишга чақирди. З. Мусаева Чеченистонга маҳаллий полициячилар томонидан куч ишлатган ҳолда олиб кетилгани айтилмоқда.

ЕИ дипломатик хизмати сайтида ёйинланган баёнотда Кавказ минтақасида инсон ҳуқуқлари бетўхтов бузилаётгани юзасидан хавотир изҳор қилинган.

“Европа Иттифоқи Россия расмийларини Мусаевани озод қилишга, содир бўлган ҳолат юзасидан текширув ўтказиб, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва оила аъзоларининг таъқиб қилинишини тўхтатишга ҳамда уйдирилган айбловлар билан қўлга олинганларни зудлик билан озод қилишга чақиради”, дейилган баёнотда. ЕИ Москва расмийларини Чеченистонда судсиз қатл қилишлар, қийноқлар ва инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилиши билан боғлиқ бошқа барча ҳолатлар бўйича самарали ва тезкор тергов ўтказишга чақирган.

Россия расмийлари мазкур баёнот юзасидан ҳали изоҳ берганларича йўқ.

Сайди Янгулбаев Россия президентининг 2012 йил августидаги фармони билан Чеченистон Олий суди судьяси этиб тайинланган. 2015 йил ноябрида судьяларнинг квалификацион коллегияси уни судьялик ваколатларидан маҳрум қилган. Аввалроқ С. Янгулбаевнинг ўғли Ибрагим “Дождь” телеканали ёйинида отаси ва ўзини Рамзан Қодировнинг атрофидаги кишилар ўғирлаб кетгани ҳақида гапириб берган эди. Унинг иддаосича, ота-болани Қодировнинг шахсан ўзи қийноққа солган.

Зарема Мусаева шу йилнинг 20 январь куни Россиянинг Нижний Новгород шаҳрида чеченистонлик полициячилар томонидан қўлга олиниб, Чеченистонга олиб чиқиб кетилган. Грозний расмийлари судья ва унинг оиласини экстремистик дея талқин этилаётган мухолифатдаги Телеграм-канал фаолиятига алоқадорликда айблашяпти. С. Янгулбаев ва яқинлари бу айбловни рад этишмоқда.