Европа Иттифоқи беларуслик мулозимларга қарши санкция муддатини узайтирди

Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатида Александр Лукашенко ҳам бор

Европа Иттифоқи 1994 йилдан бери ҳокимият тепасида қолаётган авторитар раҳбар Александр Лукашенко дохил беларуслик ўнлаб мансабдорга қарши санкциялар муддатини бир йилга узайтирди.

Европа кенгаши сайти орқали 25 февраль куни ёйинланган хабарномада санкциялар “Беларусда тинч намойишчилар, мухолифатчилар ва журналистларга нисбатан зўравонлик қабатида уюштирилган қатағон учун масъул бўлган мансабдорлар ҳамда сайлов натижалари сохталаштирилгани учун масъул бўлган шахслар”га қарши қаратилгани айтилган.

Санкциялар 2020 йил августида ўтказилган президент сайлови натижаларига қарши бўлиб ўтган намойишлар расмий Минск томонидан шафқатсиз бостирилганидан сўнг жорий этилганди. Мухолифатчилар ва халқаро кузатувчилар мазкур сайлов натижалари сохталаштирилганини айтиб келишади. Лукашенко ғолиб деб эълон қилинган президент сайлови натижалари Европа Иттифоқи, АҚШ, Канада ва бошқа кўплаб мамлакат томонидан тан олинган эмас.

Ўтган йилнинг октябрь-декабрь ойларида кучга кирган санкциялар беларуслик 88 нафар жисмоний шахс ва еттита юридик шахсга қарши қаратилган. Тақиқ ЕИга сафар қилиш ва активларни музлатиш каби чораларни ўз ичига олади. ЕИ субъектларига санкция рўйхатига киритилган шахслар билан молиявий операциялар ўтказиш тақиқланган.

Санкциялар узайтирилгани беларуслик амалдорларга қарши чоралар йўқ деганда 2022 йил 28 февралигача амалда бўлишини англатади.