Алексей Навальний қамоққа олинганига бир йил тўлиши муносабати билан Европа Иттифоқи ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Жозеф Боррель номидан мурожаатнома ёйинланиб, унда Россия ҳукумати мухолифатчи Навальнийни ҳамда унинг Уфадаги штаби собиқ раҳбари, ҳозирда ҳибсда сақланаётган Лилия Чанишевани “зудлик билан ва сўзсиз” озод қилишга чақирилган.
“Европа Иттифоқи Навальнийнинг судга тортилишини ва унга ўқилган ҳукмни очиқчасига сиёсий буюртма деб атайди”, дейилган мурожаатномада. Шунингдек, ЕИ мухолифатчининг “Новичок” жанговар кимёвий моддаси билан заҳарланиши бўйича тергов ўтказишга чақирган.
17 январь куни маълум бўлишича, шу ой охиригача Алексей Навальнийга нисбатан очилган янги жиноят иши судга оширилади: унда мухолифатчи молиявий товламачилик ва судья Вера Акимовани ҳақорат қилганликда айбланган. Барча жиноят ишлари бўйича Навальний жами 15 йилгача қамоқда қолиши мумкин.
Навальний заҳарланиши ортидан Германияда даволаниб, роппа-роса бир йил муқаддам – 2021 йилнинг 17 январь куни Москвага қайтганидан бери қамоқда қолмоқда: у дастлаб ҳибсда сақланган бўлса, кейинроқ 2014 йилги жиноят иши (бу ишни Европа суди ғайриҳуқуқий деб топган) доирасида колонияга йўлланган.
Навальний қамоқда ўтирган бир йил давомида Россия ҳукумати у қурган тузилмаларни изчиллик билан йўқ қилган: сиёсатчининг штаблари ва у ташкил қилган Коррупцияга қарши кураш фонди “экстремистик ташкилотлар” деб топилган. Бу ташкилотларнинг ўнлаб аъзоси ё қамоқда, ё хорижга чиқиб кетишга мажбур бўлган. Навальнийнинг ўзига қарши яна бир неча жиноят иши очилган.
Ғарб мамлакатлари Навальнийнинг таъқиб этилишига жавобан Россияга жиддий санкциялар қўллаш билан таҳдид қилишган, лекин пировардида мухолифатчининг заҳарланишида гумондорлар ўлароқ кўрилаётган бир неча жисмоний шахс ва ташкилотга нисбатан санкциялар жорий этиш билан кифояланишган.
Навальний ўзининг заҳарланишида президент Владимир Путинни айблаб чиққан. Кремль бу айбловни рад этиб келади.