АҚШ дронининг янглиш зарбаси оқибатида ҳалок бўлган 10 киши, жумладан етти нафар боланинг яқинлари адолат талаб қилишмоқда, дея хабар қилди “Америка овози”.
Уч ёшли қизи Малика 29 август куни Америка ракетаси автомобилга келиб тушиши натижасида нобуд бўлган Эмал Аҳмадий Associated Press агентлигига Вашингтондан бу фожиани тафтиш қилиб, айбдор ҳарбийларни жазолашни талаб қилишини айтган.
“Узр сўраш етарли эмас. АҚШ бу ишни қилган одамни топиши керак”, деган у.
Аҳмадийнинг қариндошлари, шунингдек, товон пули ва оила аъзоларидан бир неча кишини учинчи мамлакатга кўчиришни ҳам талаб қилишмоқда.
Ушбу ракета ҳужумидан сўнг Associated Press ва бошқа ОАВлар зарба берилган машина ҳайдовчиси Земерай Аҳмадий кўп йиллар АҚШ инсонпарварлик ташкилотида ишлаганини хабар қилган. Медиа маълумотларига кўра, Пентагоннинг автомобилда портловчи қурилма бўлгани ҳақидаги иддаосини тасдиқловчи далил йўқ.
Ракета автомобиль уй олдига келиб, болалар Земерайни кутиб олгани югуриб чиқишган пайтда портлаган.
АҚШ денгиз пиёдалари генерали, Марказий қўмондонлик раҳбари Фрэнк Маккензи бу зарбани “фожиавий хато” деб атаган ва бир неча ҳафта инкор этганидан сўнг ҳужум оқибатида, аввал иддао қилинганидек, аслида “Ислом давлати” жангарилари эмас, айбсиз тинч аҳоли ўлдирилганини тан олган.
Зарба Кобул аэропортида эвакуация амалиёти бўлаётган пайтда амалга оширилган террорчилик хуружига жавоб ўлароқ йўлланган. Ўша ҳудкушлик ҳужумларида афғонистонлик 169 нафар киши ҳамда америкалик 13 нафар ҳарбий ҳалок бўлган.
Маккензи хато учун кечирим сўраб, Қўшма Штатлар жабрланган оилага товон тўлаш имкониятини кўриб чиқаётганини айтган.