Беларус мухолифати лидерларидан бири Мария Калесниковани судгача қамоқда сақлаш муддати яна икки ойга узайтирилди. У миллий хавфсизликка таҳдид солганликда айбланмоқда.
Беларус мухолифати мувофиқлаштирув кенгашининг 6 январда билдиришича, Калесникова 8 мартга қадар қамоқда сақланади. Мария Калесникова президент Лукашенко август ойида ўтган сайловда ғолиб деб эълон қилингани ортидан ташкил этилган мухолифат мувофиқлаштирув кенгаши аъзосидир.
Калесникова аҳолини матбуот ва Интернет орқали миллий хавфсизликка таҳдид солувчи ҳаракатларни содир этишга чақирганликда айбланиб сентябрь ойида қўлга олинган эди. У мазкур айблов асосида 5 йилга қамалиши мумкин.
9 августда ўтган сайловда мамлакатни 1994 йилдан бери бошқариб келаётган Александр Лукашенко ғолиб сифатида эълон қилингани ортидан мамлакатда бошланиб кетган норозилик намойишлари ҳалигача давом этмоқда. Шу кунгача норозилардан 30 минг нафари ҳибсга олинган, юзлаб норозилар полиция томонидан калтакланган.
АҚШ ва Европа Иттифоқи Лукашенкони президент сифатида тан олишдан бош тортган ҳамда бир қатор Беларус амалдорларига нисбатан санкциялар жорий этган.