Беларус президенти Александр Лукашенко мамлакатни тарк этган ўз танқидчиларини ўлдиришни режалаштирган бўлиши мумкин. 4 январь куни EUobserver интернет нашри бу борадаги аудиоёзувнинг бир парчасини эълон қилди.
Журналистларга кўра, 24 дақиқалик мазкур ёзувда мухолифатчиларни ўлдириш ҳақида гап борган ва у 2012 йилнинг апрелида ёзиб олинган. Аудиодаги овозлар ўша пайтда Беларус махсус хизмати- КГБ раиси бўлган Вадим Зайцев ва “Альфа” бўлинмаси ходимига тегишли экани таҳмин қилинмоқда.
"Немис тўлқини” радиосининг билдиришича, аудиоёзувни EUobserver нашрига Беларус мухолифати фаоли ва “Алмаз” аксилтеррор махсус бўлинмасининг собиқ ходими Игорь Макар тақдим этган.
Экспертлар ҳозирча аудиодаги овозларнинг ҳақиқий эканини узил-кесил тасдиқламади.
Ёзувда Минскдаги 1-сонли тергов изоляторининг собиқ бошлиғи Олег Алкаев, махсус бўлинма собиқ командири Владимир Бородач ва ички ишлар вазирлигининг коррупцияга қарши бошқармаси собиқ бўлим бошлиғи Вячеслав Дудкинни ўлдириш ҳақида гап боради. Бу вақтда улар Германияда яшаган бўлишлари эҳтимол.
Аудиоёзувда Зайцевга тегишли экани таҳмин қилинаётган овоз эгаси Лукашенконинг “шахсий кўрсатмаси” билан суиқасд уюштириш учун махсус банк ҳисоб рақамига бир ярим миллион доллардан кўпроқ пул ўтказилганини ва “давлат раҳбари натижани кутаётгани”ни айтган.
Аудиоёзувда ўша пайтда Москвада яшаган журналист Павел Шереметни ўлдириш масаласи ҳам муҳокама қилинган. EUobserver нашри Игорь Макар тақдим этган ҳужжатларни ҳам илова қилган. Ҳужжатларда Шереметнинг алоқа восталари ва унинг Москва бўйлаб кундалик ҳаракатланиши тўғрисидаги маълумотлар акс этган.
2016 йилда Украина пойтахти Киевда Павел Шеремет автомашина ичида портлатиб юборилган эди. Терговчилар Шереметнинг ўлимига алоқадор экани гумонланган шахслар аниқлангани ҳақида 2019 йилнинг декабрида маълум қилган.