Беларусда Озод Европа-Озодлик радиосининг яна бир мухбири қамалди

Мухбир Игорь Карней 15 ноябрь куни полиция томонидан қўлга олинган.

Озод Европа-Озодлик радиосининг Беларусдаги мухбирларидан яна бири Минскда Александр Лукашенкога қарши ўтказилган намойишни ёритаётган пайтда қўлга олинди ва 10 суткага қамалди. Бу ҳақда 18 ноябрь куни мухбирнинг қариндошлари маълум қилди.

Мухбир Игорь Карней 15 ноябрь куни полиция томонидан Беларусда ўтган намойишларда иштирок этгани учун қўлга олинган 1200 норози орасида бўлган. Ўша куни камида 18 журналист қўлга олинган. Корнейдан ташқари улар орасида Озодлик радиоси беларус хизмати фотомухбири Андрей Шаулюх, тасвирчи Андрей Рабчик ва видеолар бош муҳаррири Юлия Коцкая ҳам бўлган.

17 ноябрда суд Шаулюхни рухсат берилмаган митингда иштирок этганликда айбдор деб топиб, 15 суткага қамаган эди. Шаулюх мухбир сифатида митингни ёритганини айтиб, ноқонуний ҳаракатлар содир этганини тан олмаган.

16 ноябрда эса Рабчик ҳам худди шундай айблов билан 15 суткага қамалган. У ҳам ўзига билдирилган айбловни тан олмаган.

Коцкая қўлга олинганидан сўнг қўйиб юборилган эди. У 19 ноябрь куни судга чақиртирилди.