Беларуслик мухолифатчи, айни пайтда тергов ҳибсхонасида тутиб турилган Сергей Тихановскийга яна бир – учинчи айблов билдирилди. Президентликка номзод бўлган Светлана Тихановскаянинг турмуш ўртоғи Сергей Тихановский бу гал ижтимоий низо қўзғатганликда айбланган. Бу ҳақда Tut.by нашри С. Тихановскийнинг адвокати сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.
Мазкур айблов Тихановский ҳибсга олинганига 6 ой тўлишига озгина қолганида билдирилган. Бу муддат тўлган тақдирда, қонунга мувофиқ, унга нисбатан эҳтиёт чораси ўзгартирилиши ёки иш судга юборилиши лозим эди. Бироқ янги айблов уни 18 ойгача судсиз ҳибсда сақлаб туриш имконини беради. Адвокатга кўра, Тихановский янги айблов билдирилганидан “ҳаддан зиёд норози” бўлган.
Тихановский ҳозирда уч модда бўйича – жамоат тартибини қўпол тарзда бузган ҳаракатларни ташкил қилганлик (бу модда бўйича у 29 май куни Гродно шаҳрида қўлга олинганди), Марказий сайлов комиссияси ишига тўсқинлик қилганлик ҳамда эндиликда ижтимоий низо қўзғатганликда айбланмоқда.
Тихановский Жодино шаҳридаги тергов ҳибсхонасида бир кишилик камерада тутиб турилибди. Аввалроқ у Минскдаги Давлат хавфсизлиги қўмитаси тергов ҳибсхонасида Александр Лукашенко билан бўлиб ўтган учрашувда иштирок этганди. Мазкур учрашувдан сўнг бир неча сиёсий маҳбус озод қилинган, бироқ Сергей Тихановский ҳамда президентликка собиқ номзод Виктор Бабарико панжара ортида қолаверганлар.
Сергей Тихановский сўнгги йилларда Александр Лукашенкога мухолифатда бўлган “Страна для жизни” YouTube-канали муаллифи, блогер сифатида шуҳрат қозонган. У Беларусь президенти лавозимига номзодини кўрсатмоқчи бўлган, бироқ уни рўйхатга олмаганлар. Шундан сўнг унинг омма орасида деярли танилмаган рафиқаси Светлана президентликка ўз номзодини кўрсатган. Светлана Тихановская сайловга қўйилган ва бу номзод атрофида Лукашенконинг кўплаб рақиблари бирлашган. Сайлов ва сохталаштиришларга қарши оммавий норозилик намойишларидан кейин у расмийлар босими остида мамлакатни тарк этган.
Тихановская ўзини беларус халқининг легитим вакили сифатида танитиб, хорижлик лидерларни Лукашенко режимига босимни кучайтиришга ишонтириш учун улар билан учрашиб келмоқда. У Беларусда қидирувга берилган.