Бўстон туманига тадбиркор Санобархон Носирова ҳоким бўлди

Санобархон Носирова 31 июль куни вафот этган Садбархон Мамитова ўрнига тайинланди.

Андижон вилоят Бўстон тумани Кенгашининг 24 августда ўтган навбатдан ташқари сессиясида Санобархон Носирова туман ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тасдиқланди.

Андижон вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, бунга қадар Санобархон Носирова Қўрғонтепа туманидаги “Эл ризқи нон” масъулияти чекланган жамияти раҳбари бўлган.

Билдирилишича, 1970 йилда Қўрғонтепа туманида туғилган Санобархон Носирова 1992 йилда Андижон пахтачилик институтини ҳамда 2005 йилда Андижон муҳандислик ва иқтисодиёт институтини тамомлаган.

Бўстон туманининг аввалги ҳокими Садбархон Мамитова 31 июль куни 12 бармоқли ичак касаллигининг асоратлари оқибатида 56 ёшида вафот этган эди.

Ўзбекистондаги саноқли аëл ҳокимлардан бўлган Мамитова 2020 йил 4 март куни Бўстон тумани ҳокими этиб тайинланган эди.