АҚШдаги Жонс Хопкинс университетининг маълум қилишича, 1 ноябрь куни жаҳонда COVID-19дан вафот этганлар сони 5 миллион кишига етди. 2019 йилнинг декабрида илк маротаба Хитойда аниқланган мазкур вирусга чалинганлар сони дунёда 247 миллион кишини ташкил қилмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирусдан ўлганлар сони ҳукуматлар эълон қилаётган рақамлардан 2-3 баробар кўп бўлиши мумкинлигини айтиб келмоқда.
Коронавирусдан энг кўп жабр кўрган давлатлар қаторида АҚШ (745 минг ўлим), Бразилия (607 минг ўлим), Ҳиндистон (458 минг ўлим), Мексика (288 минг ўлим) ва Россия (239 минг ўлим) тилга олинмоқда.
Айни пайтда пандемия дунёнинг айрим мамлакатларида сусаймоқда, Шарқий Европа минтақасида эса қайтадан куч олмоқда. Эмлаш ишлари суст бораётган Россия, Украина ва Шарқий Европанинг бошқа давлатларида сўнгги кунларда коронавирус юққанлар сони кескин кўпайди.