Озарбайжон ва Арманистон 8 ноябрь куни Тоғли Қорабоғда олти ҳафта давом этган уруш якунланганининг бир йиллигини турлича нишонлади.
Озарбайжонда минглаб одамлар мазкур урушда мамлакат қозонган ғалабани нишонлаш учун сайлга чиқди. Озарбайжон президенти Илҳом Алиев 8 ноябрни Ғалаба куни деб эълон қилди.
Арманистонда эса минглаб одамлар норозилик намойиши ўтказиб, Бош вазир Никол Пашинян истеъфосини талаб қилди. Норозилар Арманистон ҳукуматини Озарбайжонга бундан буён Тоғли Қорабоғдаги бир қарич ерни ҳам бермасликка чақирди.
Озарбайжон билан Арманистон ўртасидаги муносабатлар ўтган йили Тоғли Қорабоғ атрофида бўлиб ўтган тўқнашувдан кейин таранглигича қолмоқда. Икки мамлакат ўртасидаги олти ҳафталик уруш камида 6 минг 900 кишининг умрига зомин бўлган.
2020 йил ноябрида томонлар Москва воситачилигида ўқ отишни тўхтатишга оид келишувни имзолаганлар. Келишув шартларига кўра, Арманистон этник арманилар томонидан ўн йиллар давомида назорат қилиб келинган ҳудуднинг бир қисмини Озарбайжонга топширган.
Тоғли Қорабоғ халқаро миқёсда Озарбайжон ҳудуди ўлароқ тан олинган. Аммо минтақа 1990 йиллар бошидан 2020 йилнинг ноябрь ойигача этник арман қўшинлари бошқарувида эди.