Олмаотада Хитой консуллиги олдида пикет ўтказаётганлардан 9 нафари қўлга олинди

Олмаотадаги Хитой консуллиги олдида пикет ўтказаётган аёллар.

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридаги Хитой консуллиги олдида 93 кундан бери Шинжон-Уйғур мухториятида яшовчи қариндошларининг қамоқдан озод қилинишини талаб этиб пикет ўтказаётганлардан камида 9 нафари полиция томонидан қўлга олинди. Намойишчилар ўз қариндошлари Хитойда ноқонуний тарзда лагерларда сақланаётганини айтишмоқда.

Қўлга олинган пикетчилардан икки нафари – Байбўлат Кунбўлат ва Турсунгул Нурақай ушланганларидан бир неча соат ўтгач 11 май куни кечқурун полиция бўлимидан чиқарилди. Қолган пикетчиларнинг қаерда сақланаётгани номаълум.

Кунбўлат 12 май куни Озодлик радиосига асосан аёллардан иборат пикетчилар Хитой консулхонаси олдидан Хитой банки ва Хитой АЁҚШи томон юриш қилганидан сўнг қўлга олинганини айтди.

Сўнгги йилларда Қозоғистонда бу каби пикетлар кўплаб ўтказилмоқда. Уларнинг иштирокчилари Қозоғистон ҳукуматидан Шинжондаги қозоқлар вазиятига эътибор қаратишни талаб қилмоқда.

АҚШ Давлат департаменти ва жаҳоннинг етакчи далатлари Хитойда камида 2 миллион уйғур, қозоқ ҳамда бошқа мусулмон миллатига мансуб аҳоли “экстремизм ва террорга қарши кураш” баҳонасида қайта тарбиялаш лагерларига ташланганидан ташвиш билдириб келади.