1985 йилдан 1991 йилгача ҳозирда мавжуд бўлмаган давлат – СССРни бошқарган Михаил Горбачёв 2 март куни 90 ёшини нишонлади.
Михаил Горбачёв 1985 йилда Коммунистик партия бош котиби сифатида ҳокимият тепасига келди. У мамлакатни демократия йўлига олиб чиққан қайта қуриш ташаббускори бўлди. 1990 йилдан СССР тарқалиб кетгунича, яъни 1991 йилнинг якунигача СССРнинг биринчи ва охирги президенти лавозимини эгаллаган.
Михаил Горбачёв раҳбарлик қилган йилларда дунёда “совуқ уруш” якунланди. Совет қўшинлари Афғонистондан олиб чиқилди, биринчи марта эркин сайловлар ўтказилди, Коммунистик партиянинг “раҳбарлик ва йўлбошчилик қилиши” принципидан воз кечилди. Марказий ва Шарқий Европа социалистик системадан бош тортди. Иккига бўлиб юборилган Германия яна қайта бирлашди.
1990 йилда Горбачёв Нобель Тинчлик мукофотига сазовор бўлди.
Собиқ СССР ҳудудида Михаил Горбачёвни “улкан давлатни йўқ қилиш”да айбловчилар ҳам бор. Горбачёвнинг ўзи ҳам қатор хатоликларга йўл қўйганини тан олган.
Ғарбда Горбачёв олиб борган сиёсат қўллаб-қувватланади. Горбачёвни 90 йиллиги билан Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер, АҚШ президенти Жо Байден, Британия Бош вазири Борис Жонсон ва бошқалар табриклади.
Россия президенти Владимир Путин Горбачёвга юборган табрикномасида уни “мамлакат ва дунё тарихини ўзгартирган буюк сиёсий арбоб” деб атади.