Тўй ўтказиш тартибини бузганлар қанча жарима тўлаши маълум бўлди

Президент 17 мартда имзолаган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга биноан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш тартибига доир талабларга риоя этмаслик учун жавобгарликни назарда тутувчи модда билан тўлдирилди.

Бу ҳақда хабар қилган Адлия вазирлигига кўра, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказувчи шахс томонидан мазкур тадбирларни ўтказиш тартибига доир талабларга риоя этмаслик фуқароларга БҲМнинг 10 баравари (2 млн 230 минг сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, тўйхоналар, кафе ва ресторанларнинг мансабдор шахси томонидан тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказиш тартибига доир талабларга риоя этмаслик БҲМнинг 30 баравари (6 млн 690 минг сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Тўйхона, кафе ва ресторанлар эгаси томонидан ушбу ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин 1 йил давомида такрор содир этилган бўлса, БҲМнинг 50 баравари (11 млн 150 минг сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Мазкур тартиб Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач амалга киритилади.