Халқаро олимпия қўмитаси президент Александр Лукашенкони барча тадбирлардан четлатди

Олимпиада рамзи.

Халқаро олимпия қўмитаси президент Александр Лукашенко раҳбарлик қиладиган Беларус миллий олимпия қўмитасини ўз шафелигида ўтказиладиган барча тадбирлардан тадбирларидан четлатди. Бундан ташқари Беларус миллий олимпия қўмитаси молиявий тўловлари ҳам тўхтатилди.

Халқаро олимпия қўмитаси бу қарор вақтинчалик эканини ва вазиятга қараб қарор ўзгартирилиши мумкинлигини билдирди.

Аввалроқ Халқаро олимпия қўмитаси Беларус ҳукумати спортчиларни сиёсий мотивлар бўйича таъқиб қилаётгани юзасидан ўз терговини бошлаган эди.

Август ойида бир ярим мингдан кўпроқ беларус спортчиси қайта адолатли ва ҳалол президентлик сайлови ўтказиш, Александр Лукашенко истеъфосини талаб қилиб намойиш ўтказаётган норозиларга нисбатан зўравонликларни тўхтатиш талаби билан очиқ хат эълон қилган эди.

Мазкур мурожаат эълон қилингани ортидан фристайл бўйича жаҳон чемпиони Александра Романовская, енгил атлетикаси Светлана Куделич, кўпкурашчи Андрей Кравченко, баскетболчи Елена Левченко ва бошқа кўплаб спортчилар ишдан бўшатилган, қўлга олинган ва қамалган.

Беларусда 9 августда ўтган сайловда мамлакатни 1994 йилдан бери бошқариб келаётган Александр Лукашенко ғолиб бўлгани эълон қилинганидан сўнг норозилик намойишлари бошланиб кетган эди.