Пекинда Хитой Коммунистик партияси Марказий Қўмитасининг навбатдаги 4 кунлик пленуми бошланди.
Жорий пленумда Хитой коммунистлари раҳбари Си Цзинпин ҳокимиятини янада мустаҳкамловчи қарорлар қабул қилиниши кутилмоқда.
Пленумнинг 400 аъзоси 8 ноябрь куни Хитой Коммунистик партиясининг юз йиллиги муносабати билан ёпиқ эшиклар ортида тўпланди.
Пленум қабул қилган қарор ортидан партиянинг навбатдаги қурилтойига Си Цзинпиннинг ҳокимиятдаги ваколати узайтирилиши ва у учинчи марта раҳбарликка сайланишига имкон берувчи қарорни тасдиқлаш таклиф қилинади.
Хитой Конституциясига 2018 йилда киритилган ўзгартишларга мувофиқ, мамлакат раҳбарининг ҳокимиятда қолиш муддати чекланмайди. Си Цзинпин шу кунгача ҳокимиятдаги меросхўри исмини эълон қилган эмас. Шундан келиб чиққан ҳолда, таҳлилчилар Си 2027 йилгача раҳбар бўлиб қолишини айтишмоқда. Си Цзинпин 2012 йилдан бери Хитойни бошқариб келади.
Си Цзинпин бошқаруви даврида Шинжон Уйғур мухториятида, Тибетда ва Ҳонконгда сиёсий репрессиялар кучайди.