Хитой ҳукумати Қирғизистонга 1150 тонна буғдой уни, 75 тонна шакар ва 50 тонна соя ёғидан иборат гуманитар ёрдамни етказиб берди. Бу ҳақда 4 ноябрь куни Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
58 та контейнерда олиб келинган гуманитар ёрдам 5-25 октябрь кунлари Бишкекдаги Давлат захиралари жамғармаси омборхонасига жойлаштирилган. Маҳсулотлар қирғиз ҳукуматининг махсус қарори чиқарилгунига қадар бу ерда сақланади.
2021 йил қирғиз деҳқонлари учун оғир келгани муносабати билан озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш аввалги йиллар даражасида бўлмаган. Қурғоқчилик оқибатида кўплаб экин майдонлари қуриб қолди, ем-ҳашак етишмаслиги ортидан эса чорва моллари ҳалок бўлди.
Бунинг оқибатида Қирғизистонда озиқ-овқат маҳсулотлари ва гўшт нархи кескин ошиб кетган эди.