Швейцария Лукашенко, унинг ўғли ва 13 нафар амалдорга қарши санкция жорий қилди

Швейцария Беларуснинг авторитар раҳбари Александр Лукашенконинг молиявий активларини музлатиб қўйган мамлакатлар сафига қўшилди.

12 декабрь куни Швейцария ҳукумати Лукашенко, унинг ўғли Виктар ва Лукашенко тузумига алоқадор 13 белоруснинг Швейцарияга кириши ёки мамлакатдан транзит орқали ўтиши тақиқланганини эълон қилди.

Санкцияга йўлиққан амалдорларнинг барчаси баҳсли президент сайловидан кейин бошланиб кетган норозилик намойишлари бостирилишда иштирок этгани тахмин қилинмоқда.

Беларус ҳукумати 9 август куни бўлиб ўтган сайловда Лукашенко ғолиб чиққанни эълон қилган, аммо сайлов натижалари сохталаштирилгани айтилмоқда.

Сайлов натижалари эълон қилинганидан бери Беларус мухолифати мунтазам равишда норозилик акцияларини ўтказиб келади.

Бугунга қадар кўплаб намойишчи ҳибсга олинди ва қийноққа тутилди. БМТ маълумотларига кўра, намойишлар бошланганидан бери хавфсизлик кучлари 27 000 дан ортиқ шахсни ҳибсга олган.